ИИББ ходими лотереядан ютиб олган пулларини Меҳрибонлик уйига берди

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, Сергели тумани ички ишлар бошқармаси подполковниги Шуҳрат Бобониёзов лотереядан 10 миллион сўм ютиб олди ва уни Меҳрибонлик​ уйи тарбияланувчиларига совға қилди.
 
photo5285336499501509035.jpg
“Шуҳрат Бобониёзов лотерея чиптасини сотиб олаётганида пул ютиб олса, барча пулларни Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига совға қилишини айтган эди. Лотереядан 10 миллион сўм ютиб олганида ташаббусини қўллаб-қувватлашни раҳбариятдан сўради”, дейилади хабарда.
Подполковникнинг лотереядан ҳеч нарса ютиб олмаган сафдошлари ҳам у билан биргаликда Меҳрибонлик​ уйи тарбияланувчиларига ёрдам беришга аҳд қилди. Улар Юнусобод туманидаги 23-Меҳрибонлик уйи директорига қўнғироқ қилиб, болаларга нима кераклигини сўради.
У ерда тарбияланаётган болалар сўраган барча нарса: ўйинчоқлар, спорт буюмлари, канцелярия буюмлари, кийим, ширинлик ва мевалар харид қилинди.
23 сентябрь, якшанба куни Сергели туман ИИБ ходимлари Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига совғаларни топширди.​​

 

ЎзА