Мутахассисларнинг фикрича, бундан 50-100 минг йил олдин яшаган одамларнинг ўлимига асосан йиқилиш оқибатида олинган жароҳатлар, кўпинча суяк синиши сабаб бўлган экан.
Бугун-чи?
Ҳозирда кишилар ўртасидаги ўлим ва ногиронлик сабаблари чуқур ўрганилганда, йўл-транспорт ҳодисалари ўлим хавфи бўйича ўта хавфли касалликлардан ҳам юқори турар экан.
Бунга чек қўйиш вақти келди.
Ана шу мақсадда бугун Тошкент шаҳрининг «Байналмилал» кўчасидан Қозиработ айланмаси бўйлаб Гулханий ва Муқимий кўчасигача бўлган масофада “Автомобилсиз кун“ акцияси ташкил этилди. Акция иштирокчилари велосипедда кўча айландилар.
Улар кимлар?
Акция иштирокчилари орасида 18 ёшдаги навқирон йигитни ҳам 81 ёшли отахонни ҳам учратдик.
Ўзини таништирган отахон кўринишидан 70 ни қоралаганга ўхшайди. Аслида 83 ёшда экан.
– Ҳафтасига уч кун 80 километрдан 100 километргача бўлган масофада велосипед ҳайдайман, – дейди табассум билан Виктор Иванов. – Биз тўрт ўртоқ шу тариқа ўзимиз учун соғлом турмуш тарзини таъминлаймиз. Ёшлар ҳам биздан ўрнак олса ва бизга қўшилса, зўр бўлади.
Иштирокчилар орасида ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими вакиллари ҳам борлиги, айниқса қувонарли.
– Биз Тошкент шаҳридаги Яшнобод, Бектемир, Мирзо Улуғбек туманларидаги кўчаларга қараймиз, – дейди 1-батальон командири ўринбосари, майор Тоҳир Қосимов. – Бошқаларга ўрнак бўлиш, фуқаро кийимида велосипед ҳайдаб чиқдим. Ходимларимга шахсий намуна кўрсатмоқчиман.
– Бугунги тадбирда шаҳримиз ҳавосини тоза бўлишига оз бўлса-да, ҳисса қўшиш истагидагилар тўпланишган, – дейди 4-батальон командири ўринбосари, капитан Достон Рустамов. – Олимлар турли ёқилғилар туфайли бир кунда атмосферага 17 минг тонна углевод чиқарилишини айтмоқда. Бу инсон саломатлигига салбий таъсир қилади. Келинглар, сафимизга қўшилиб, ҳавони тозалашга оз бўлса-да ҳисса қўшинглар.
Ҳа, қани эди, ҳар ойнинг учинчи ҳафтасида мунтазам ўтказилиши мўлжалланаётган “Автомобилсиз кун“ акцияси кунлари ташкилот ва идоралар раҳбарлари ҳам ҳайдовчиларига рухсат бериб, яёв юрса. Шунда улар халққа янада яқинлашган бўлишармиди?
Қайд этиш жоизки, Буюк Британия, Япония, Хитой, Испания ва Россия каби олтмишдан зиёд давлатда бу каби акцияларни ўтказиш анъанага айланган.
Акцияда иштирокчиларга яхши кайфият улашиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида таниқли қизиқчи В.Шамсиев ва бир қатор хонандалар ўз санъатини намойиш этди.
C.Шоева, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА