Театрнинг янги ижодий мавсуми

Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат академик рус драма театрининг 84-ижодий мавсуми бошланди.

Шу муносабат билан мазкур театрга турли вазирлик ва идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотларининг вакиллари, театр санъати мухлислари таклиф этилди.

Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига кўрсатилаётган эътибор барча театр жамоаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлашда, театрлар репертуарининг сифат жиҳатдан янада яхшиланишида, ижодкорлар меҳнатини қадрлаш ва қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон давлат академик рус драма театри юртимизда алоҳида эътиборга молик ижодий ташкилот саналади. Мазкур театрда саҳналаштирилган Алишер Навоийнинг “Хамса“ асари асосидаги “Дегонимни улусқа марғуб этиб…“ (“Иди мое творение в народ!…“), Николай Гоголнинг “Ревизор“, Николай Коляданинг “Шанель хоним“ (“Баба Шанель“), Александр Коровкиннинг “Холалар“ (“Тётки), Жан Пьер Абу асари асосида ишланган “Оилавий дастурхон“ (“Семейный ужин“) каби спектакллари томошабинларга яхши таниш.

3.JPG

9.JPG
– Юртимизда маданият ва санъатга бўлган эътибор жамоамиз фаолиятида ҳам ўз аксни топмоқда, – дейди театрнинг адабий бўлими мудири Владимир Островский. – Бу жиҳатлар ижодкорларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантиришда яққол ифодасини топмоқда. Янги мавсумда томошабинлар учун бир қатор янги саҳна асарларини тақдим этиш режалаштирилмоқда.

Театрнинг 84-ижодий мавсуми Александр Островский асари асосидаги “Банкрот ёки ҳисобли дўст айрилмас“ (“Банкрот или Свои люди – сочтемся“) спектакли билан бошланди.

Моҳир режиссёр Владимир Шапиро саҳналаштирган ушбу спектаклда савдо-сотиқ соҳасидаги қўполлик, муғомбирлик, судхўрлик, алдов каби иллатлар фош этилгани билан аҳамиятлидир. Асосий ролларни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Олег Васильев, Люмила Стоцкая, актёрлар Василика Сидорова, Юрий Антипин, Эльвина Хадаева, Антон Кораблев, Елизавета Кузьминская ижро этган.

 

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА