“Меҳрнинг ватани Ўзбекистондир”

Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси, Бадиий ижодкорлар уюшмаси ҳамда Мурувват ва Саховат интернат уйларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш Республика Васийлик кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган анъанавий хайрия тадбири доирасидаги кўрик-танлов шундай номланди.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллигига бағишланган кўрик-танловда таниқли рассомлар, академиклар, маънавият тарғиботчилари, профессор-ўқитувчилар, ўқувчи-ёшлар, кенг жамоатчилик ҳамда журналистлар иштирок этди.

Унда ижодкорларнинг 200 га яқин ижодий картиналари намойиш этилди. Ушбу ижодий ишлар ҳайъат аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди ва турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

Ҳайъат қарорига кўра, профессионал рассомлар ўртасида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, рангтасвирчи рассом Файзулла Аҳмадалиев “Она” ва “Ота” асарлари учун биринчи даражали, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рангтасвирчи рассом Патхилла Ҳайитов “Ой бориб, омон қайт” асари учун иккинчи даражали, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош Камола Аҳмедова “Аёл. Кутиш” асари учун учинчи даражали диплом билан тақдирланди.

Талабалар ўртасида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабалари Аваз Насриддиновга “Остона” асари учун биринчи даражали, Муҳиддин Турдиевга “Асрлар садоси” асари учун иккинчи даражали ҳамда Ҳумоюн Норбоевга “Меҳр” асари учун учинчи даражали диплом берилди.

Фарғоналик ёш рассом Шуҳрат Ўринбоев “Меҳр” асари учун Гран-при соҳиби бўлди.

Шунингдек, кўрик-танловнинг бошқа иштирокчиларига ҳам махсус дипломлар топширилди.

2.JPG
3.JPG
6.JPG

 

Гулноза Бобоева, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА