Ўзбекистон Бош прокурори Россия, Тожикистон ва Қозоғистон билан ҳамкорлик дастурларини имзолади

Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида МДҲ мамлакатлари бош прокурорларининг Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 28-йиғилиши ва ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг 16-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Бош прокурор Отабек Муродов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳам иштирок этди.
Йиғилишларда МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатларнинг бош прокурорлари ва иштирокчи-давлатлар делегациялари раҳбарлари, жумладан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, шунингдек, мулоқот шериклари ва кузатувчи мамлакатлардан таклиф этилган меҳмонлар сифатида – Афғонистон, Монголия, Эрон, Непал, Шри-Ланка, Прокурорлар Халқаро Ассоциацияси президенти Герхард Ярош ва Саудия Арабистони Бош прокурорлари иштирок этди.
Йиғилишда нутқ сўзлаган Бош прокурор О.Муродов ўз чиқишида 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида прокуратура органларининг тизими тубдан такомиллаштирилганини таъкидлади. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлардаги прокуратура органларининг роли оширилганлиги ҳамда улар фаолиятида мутлақо янги йўналишлар белгиланганлигини қайд этди.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилиш давомида трансмиллий ва уюшган жиноятчиликка қарши ҳамкорликда курашиш, терроризм, экстремизм, диний ва сиёсий радикализм хавфи ва экстремистик ҳаракатларнинг бошқа ҳалокатли таъсири кучаяётганлиги, шунингдек жаҳон ва минтақавий хавфсизликнинг бошқа муаммолари муҳокама қилинган. Урушлар билан қамраб олинган қатор мамлакатлардаги сиёсий вазиятнинг мураккаблиги, сиёсий келишмовчиликларнинг зарарли таъсири ва ушбу мамлакатлардаги тинч фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларга ташвиш билдирилган. МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатларнинг қўшма интеграциялашуви давлатлар ва минтақаларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили, деб топилган.
Йиғилишда Бош прокурор О.Муродов Ўзбекистон Республикасининг мазкур йўналишдаги устувор вазифаси жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан эмас, балки уларнинг туб сабаблари билан курашиш эканлигини таъкидлаб ўтди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Бош прокурори Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Беларусь, Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон ва Қирғизистон делегациялари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Россия, Тожикистон ва Қозоғистон билан ҳамкорлик дастурлари имзоланди.

 

ЎзА