Аксарият машҳур кишилар ҳаётини кузатсангиз, улар маълум бир ҳикматли гапни ўзларига шиор қилиб, бутун умри давомида унга амал қилиб ўтганликларининг гувоҳи бўласиз. Балки бу шиорлар уларнинг машҳур бўлиб етишишлари учун туртки бўлгандир…
Машҳурликка интилиш бугун замон талаби даражасига етиб бораётгани сир эмас. Кимдир ўз молу-давлати ортидан, яна кимдир истеъдоди билан танилишга ҳаракат қилади. Бунда албатта оммавий ахборот воситалари ҳам кўмакчига айланган. (Жуда бўлмаса, уяли телефонлар ёки интернет сайтлари ҳам бир кунда машҳур бўлишингизга шароит яратиши бор гап) Келинг, биргаликда инсонни машҳурликка, мақсадга етакловчи бошқа омил ҳақида сўз юритсак. Яъни шиор! Дарҳақиқат, инсон ўзига нисбатан турли вазиятларга қараб, “Қатъиятли бўлишим керак”, “Иродам суст”, “Сабр қилишим керак” каби ундовларни кўп ишлатади, аммо уларнинг орасига “Ўз шиорим бўлиши керак экан”, “Шиорсиз яшаш қийин”, “Шиоримга амал қилишим лозим” деган сўзларни деярли эшитмайсиз.
Олим Менделеевнинг истеъдод аҳли ҳақидаги шиорига бир эътибор қилинг: “Жон фидо қилиб ишламаса, на истеъдодлар, на даҳолар юзага чиқади“. Атрофингизга бир қаранг, шароити бор, аммо истеъдоди йўқ киши ўзини ҳар куйга солмасин, бир кун келиб, ўзида йўқ нарсани кашф этолмаслигини тан олади. Аммо ҳақиқий истеъдод ҳаракатга келса-чи?
Бетховен айтганидек: “Истеъдодли ва меҳнатга муҳаббатли одамнинг йўлини ҳеч нарса тўсолмайди“.
Аслида қобилиятсиз инсоннинг ўзи бўлмайди, ўз қобилиятини кашф эта олмайдиган инсонларгина бўлади, холос. Балки истеъдодимизни юзага чиқариш учун аввал ўз “мен”имизни тарбиялаб олишимиз зарурдир.
Шу ўринда Суқротнинг сўзларини ёдга олайлик: “Ўз даражасига етолмаслик — жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Ўз даражасидан ошмоқлик эса доноликнинг ўзгинасидир”
БОБОЛАРИМИЗ БИСОТИДАН ФОЙДАЛАНАЙЛИК
Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, инсон тараққиётга интилади. Нимадир яратади, ниманидир кашф қилади. Дунё олимлари,психологлари инсон ўзига керакли бўлган ҳар қандай эҳтиёжни тортиб олиш кучига эга, дейди. Яъни тинимсиз орзу истак, ишончли шиор устига қурилган қатъий режа ҳар қандай эҳтиёжнинг амалга ошишига туртки бўларкан. Бу ҳақида боплаб кўрсатувлар ҳам тайёрлаб, турли телеканаллар орқали намойиш этишяпти.
Келинг, шу ўринда уларнинг фикрини мулоҳаза қилсак, аслида ўша дунё психолог олимлари замонга мослаштириб айтаётган фикрларнинг илдизи улуғ бобокалонларимизнинг китобларида яққол айтиб ўтилганига шубҳа қилмасангиз ҳам бўлади. Шундай экан, нега энди “дунё психологлари ундай деган, дунё олимлари бундай деган”, деб айтишимиз керак. Яхшиси, боболаримиз бисотидан фойдаланайлик.
Инсон ўзи истаган нарсаларни тортиш кучига эга бўлиши мумкин, лекин динимиз арконларига мувофиқ улуғ аждодларимизнинг фикрича, бундай даражаларга руҳ поклиги билан эришилса, нур устига аъло нур бўлади. Руҳ поклиги кайфиятга таъсир этиб, сиздаги кайфият ўзгаларга ҳам илиқлик бағишлаши турган гап.
Бир эътибор қилинг-чи, ҳар бир ўтаётган кунингизнинг бир-биридан фарқли жиҳатлари нимада? Баъзан бугунги куним яхши ўтди, десак, баъзан ҳеч ишим юришмади, деб нолиб қоламиз. Аслида ишимиз юришиши учун кичик, аммо муҳим омилларни эсдан чиқарамиз ёки эринчоқлик қилган бўламиз, яъни эрта тонгдан уйғониб, яхши ниятлар билан ишни бошлашни.
Халқимизда “Эрта турганнинг ризқини Худо етказади” деган гап бор. Демак, тонг барокотидан баҳраманд бўлишга қанчалик уринсак, келажагимиз учун насиба олаётган бўламиз.
Шу ўринда ризқ ва омадни келтирадиган жиҳатларга ширин сўзли бўлиш, очиқ чеҳралик, инсонларга ним табассум билан боқиш, хонадонни покиза сақлаш, идиш-товоқларни ўз вақтида ювиш, ҳаттоки чиройли ҳусни хат билан ёзиш каби амаллар ҳам кирар экан. Шунингдек, ризқ-насибани энг кўп жалб қилувчи амал, бу – тонгги ниятлардир. Айнан мана шу амаллар юқорида айтилганидек, руҳ поклиги учун қўшиладиган ҳиссалардан саналади.
Хўш, биз ҳар кунимизда ушбу амалларнинг қайси бирига улгура олаяпмиз?
Яхшиси, бу саволни кўзгуга қараб, ўзимизга бера қолайлик шунда бизнинг эътиборсизлик ва дангасаликдан ишимиз юришмаётганини, истеъдодимиз юзага чиқмаётганини аввал бошқалар эмас, ўзимиз англаб оламиз. Истаган нарсамизни ўзимизга жалб қилиш ҳақида-ку ўйламай қўя қолайлик. Тўғри, бугунги дунё олимлар инсон ўз истагини ўзига тортиб олиш каби жиҳатларга биз келтирган ахлоқий ва диний амалларни санаб ўтмагандир, акс ҳолда уларнинг олимлиги бобокалонларимизнинг китобларидан кўчирма фикрлар эканини бутун дунё англаб олади. Шусиз ҳам аждодлари заковатли юрт фарзандлари сифатида Европа олимларининг мулоҳазалари илдизини биз англаб бораяпмиз.
Дарҳақиқат, буюк аллома Ибн Сино айтганидек, “Яшашдан мурод — эзгулик” шиори остида фаолият юритиш, ижод қилиш, фан уфқларига интилиш олимнинг маънавий бурчидир”.
Балки илмий салоҳият томондан олим эмасдирсиз, аммо сиз ўз устингиздан олим эканлигингизни унутманг. Ўзини кашф этган ва ўз “мени”ни била олган инсонни керак бўлса, илм олимидан ҳам юксакроққа лойиқ деб билишади, бу ҳақиқат. Йўқса, халқимиз орасида “Олим бўлма, одам бўл” каби ибратли сўзлар бугунга қадар етиб келмаган бўларди.
Шу ўринда, улуғ бобомиз Амир Темур давлат раҳбари сифатида “Куч – адолатдадир“ деган юксак мақсадли шиори билан эришган ютуқларига эътибор қилинг.