Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича Республика комиссияси ва ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда

Жорий йилнинг 11 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича Республика комиссияси ва ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида ўрганишлар олиб борилмоқда. 
Ўрганишлар давомида тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш, бўш турган ер ва биноларни аниқлаш, инвестиция жалб этиш масалаларида бир қатор муаммолар аниқланиб, уларнинг ечими борасида чоралар кўрилмоқда.
Қисқа вақт ичида бу ишлар ўзининг ижобий натижаларини ҳам бера бошлади. Айниқса, бўш турган объектларни ва ер участкаларини аниқлаш ва уларни “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо дастури орқали сотишда каттагина иш қилинди.
Ҳозирги кунга қадар Республика бўйича 6 858 та (8470 га) бўш ер участкаси аниқланган. 589 та бўш ер участкаси аукцион орқали савдога қўйилган.
Бўш турган ер участкаларини аукцион савдоларида сотишнинг тизимли йўлга қўйилган ва бу жойларга тадбиркорларда талаб ортиб бормоқда.
Жорий йилнинг 21 сентябрь ҳолатига кўра, бошланғич нархи 20 млн. сўм бўлган, 0,65 га ҳажмдаги 28 та бўш ер аукцион натижасида 213 млн. сўмга, деярли 11 баравар қимматга сотилган. Масалан, Тошкент туманида 1 млн 360 минг сўмга савдога қўйилган 0,06 га бўш ер участкасининг нархи 109 бараварга кўтарилиб 148 млн. 200 минг сўмга етган.
Бу кўрсатгичлар Комиссия ва ҳудудий гуруҳлар томонидан олиб борилган ижобий ишларнинг натижалари, деб айтиш мумкин. Лекин, ўрганишлар давомида вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар, банк муассасалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ҳал этиш, уларни қийнаётган масалалар ечимини пайсалга солиш, сансоларлик, эътиборсизлик ҳолатлари ҳам аниқланмоқда.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан фаолиятни мониторинг қилиш мақсадида ташкил этилган “hudud.gov.uz” онлайн дастури ким қандай ишлаётгани, бу масалага қай даражада эътибор билан ёндашаётганини очиқ-ойдин кўрсатиб турибди.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан жорий йилнинг 12-21 сентябрь кунлари, жами 1619 та муаммо аниқланган бўлса, шундан биринчи ўринда 32,9 фоиз кўрсатгич билан банклардан кредит ажратишга оид масала турибди. Ажабланарлиси, ҳозирги кунда тижорат банкларида халқаро молия институтларининг 3,5 млрд АҚШ доллари миқдоридаги ўзлаштирилмаган кредит линиялари мавжуд. Иккинчи ўринда 22,1 фоиз муаммо ер майдони ажратиш билан боғлиқ. Коммуникация тармоқларига уланиш эса бизнес субъектларини қийнаётган масалаларнинг 10,2 фоизини ташкил қилмоқда. Муаммоларнинг 9,9 фоизи бино ажратиш, 7,7 фоизи тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ. Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан аниқланган муаммоларнинг 293 таси жойида бартараф этилган.
Ушбу ҳолатни вилоятлар кесимида олсак, юзага чиққан муаммолар сони Тошкент вилоятида – 270 та, Қашқадарё вилоятида – 178 та, Хоразм вилоятида – 177 та, Навоий вилоятида – 155 та, Сирдарё вилоятида эса – 138 тани ташкил қилмоқда.
Ўрганишлар давомида шу нарса маълум бўлдики, кредит масаласи тадбиркорларни қийнаб келаётган асосий муаммолардан бўлиб қолган. Аниқланган муаммоларнинг учдан бири, яъни 533 таси банклар билан боғлиқ. Масалан, муаммоларнинг 107 таси «Халқ банки»га, 74 таси Миллий банкга, 66 таси Марказий банкга, 54 таси «Агробанк»га, 54 таси «Асака»га, 41 таси «Микрокредитбанк» ва 31 таси «Ўзсаноатқурилишбанк» га тегишлидир. Шунингдек, вазирлик ва идораларда, маҳаллий ҳокимликларда ҳам тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ анчагина муаммолар тўпланиб қолганлиги маълум бўлди. Ушбу масалаларнинг 511 та ҳудудий ҳокимликлар, 105 таси Давлат рақобат қўмитаси, 86 таси «Ўзбекэнерго» ташкилоти, 57 таси “Ергеодезкадастр” қўмитаси, 46 таси «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва 23 таси “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятига тегишли.
Шу билан бирга айрим вилоятларда турган ер учаскаларни объектларни электрон онлайн-аукционга чиқариш панжа орасидан қаралган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Масалан, Навоий вилоятида 6 та, Фарғона вилоятида 4 тагина объект савдога чиқарилган бўлса, Қашқадарё вилоятида биронта ҳам бўш ер участкаси савдога қўйилмаган.

 

ЎзА