21 сентябрь куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари махсус бўлинмалар ўртасида ўтказиладиган халқаро мусобақада иштирок этиш учун Беларусь Республикасига жўнаб кетди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Ушбу мусобақада Беларусь Республикаси Давлат хавфсизлик қўмитасининг «А», Ички ишлар вазирлигининг «Алмаз» гуруҳлари, мамлакат президентининг хавфсизлигини таъминлашга масъул хизмат вакиллари, шунингдек, хорижлик жамоалар ўзаро беллашади.
Мусобақа давомида иштирокчилар шаҳар ва ўрмон шароитида ўз маҳоратларини жамоавий ҳамда якка тартибда намойиш этишлари лозим. Хусусан, отиш машқларини муваффақиятли бажарган иштирокчилар, шунингдек, шартли душман гуруҳининг разведкачиларини қидириб топиш, асирларни озод этиш, ярадорларни эвакуация қилиш каби шартларда алоҳида қўшимча баллар олиши мумкин.
Иштирокчилар ҳамдўстлик мамлакатларидаги махсус бўлинмаларда хизмат кўрсатувчи юқори профессионалликка эга ҳакамлар томонидан баҳолаб борилади.
Мазкур мусобақа турли идораларга қарашли махсус бўлинмалар хизматчиларининг нафақат юқори тайёргарлик даражасини, балки жанговар тайёргарлик бўйича энг сўнгги ва замонавий амалиётдан бохабар бўлиш имкониятини тақдим этади.
Жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан келган Беларусь Республикаси Мудофаа вазири Андрей Равков Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов билан суҳбатда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчиларини Белоруссияда мунтазам ўтказиб келинаётган махсус қўшинлар ўртасидаги мусобақаларда иштирок этишига таклиф билдирган эди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон-Беларусь ўртасида қисқа вақт давомида ҳарбий ҳамкорликнинг ҳуқуқий-меъёрий базасини кенгайтириш борасида салмоқли ишлаш қилинган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Беларусь Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий академияси ўртасида 2017 йил 20 июль куни Минск шаҳрида ҳамкорлик Меморандуми тузилган, 2018 йилда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида Ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланиб, унинг доирасида тадбирлар амалга ошириляпти.
Мусобақада Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан 10 нафар вакил мамлакат шарафини ҳимоя қилади. Баҳсларнинг асосий қисми 24-28 сентябрь кунлари Марьина Горка аҳоли яшаш пунктида жойлашган ҳарбий қисм полигонида бўлиб ўтади.
ЎзА