2030 йилга келиб Ўзбекистон ​жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига киради

Мазкур вазифа Президентнинг 2018 йил 21 сентябрдаги “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган.
Унинг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар қайд этилган.
Бунда асосий эътибор барча даражада таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлашга қаратилган. Шунингдек, илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишга ҳам алоҳида урғу берилган.
Фармонда инновациялар, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишларга давлат ва хусусий маблағлар киритилишини кучайтириш, бу соҳалардаги тадбирларни молиялаштиришнинг, бошқарувнинг замонавий ва самарали шаклларини, воситаларини жорий этиш орқали давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, мулкчилик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш, рақобатбардош бозорлар ташкил этиш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар, барқарор фаолият юритадиган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани яратиш каби чора-тадбирлар ҳам белгилаб берилган.
Бу жиҳатлар Ўзбекистон 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА