Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Озодлик" ахборот порталига жавоб қайтарди
“Озодлик” ахборот порталида эълон қилинган “Пахта-2018: Ишчилар пахтада, имом, отинойи ва дастурхончилар терим отрядлари тузмоқда” номли мақолада Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилаётган терим отрядлари ҳақида расмий маълумот берилмаганлиги айтилган эди. 

Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бу йилги пахта теримида биринчи марта ташкил этилаётган терим отрядлари ҳақида қуйидагиларни маълум қилади:

1. Пахта мавсумида терим отрядларини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “2018 йил ҳосили пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда жорий йил 5 сентябрда Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида пахта терими бўйича ўтказилган видеоселектр Баённомаси асосида амалга оширилди.

2. Терим отряди, бу – ​пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш мақсадида кўнгилли теримчилар томонидан ташкил этилган бирлашган жамоадир. Кўнгилли, деб 18 ёшдан катта, муайян меҳнат билан банд бўлмаган ишга лаёқатли, вақтинча ишсиз, айрим ҳолларда меҳнат ресурслари етмаган ҳудудга бошқа ҳудудлардан келиб теримда иштирок этиш истагини билдирган аҳоли тушунилади. Терим отрядлари маҳалла фаоллари ҳамда аҳолининг таклиф ва тавсиялари асосида камида 80 нафардан 100 нафаргача кўнгилли теримчилардан иборат бўлади. Терим отрядларининг фаолияти кунлик пахта теримини ташкил қилиш асосида амалга оширилади. “Терим отряди” пахта теримининг сифатли ташкил этилиши ва ҳосилнинг териб топширилишини, мажбурий меҳнат ва вояга етмаганлар меҳнатининг тақиқланган шаклларига жалб этмаслик бўйича қонун талабларига риоя этилишини, терим пули тарқатилгандан сўнг теримчилар томонидан имзоланган рўйхатнинг бир нусхасини Буюртмачига тақдим этилишини таъминлаши зарур.

3. Терим отряди раҳбарлигига номзодлар аҳоли орасида обрў-эътиборга, иш тажрибасига ва ташкилотчилик қобилиятига эга маҳалла фаоллари орасидан сайланади. Отряд раҳбари тақдим этган тўлов ведомостига асосан отрядга бириктирилган банк ходими томонидан теримчиларга меҳнат ҳақи (терим пули) тарқатилади. Терим отряди раҳбарининг асосий мажбуриятларига
– терим отряди номидан пахта ҳосилини ҳақ эвазига териб бериш юзасидан шартнома тузиш;
– терим мавсумида ҳар куни терилган пахта ҳосилини ҳисоб-китоб қилиш;
– терим отряди таркибидаги ҳар бир теримчининг хавфсизлигини, озиқ-овқат таъминотини доимий назорат қилиб бориш;
– пахта ҳосилининг тоза ва сифатли терилишини таъминлаш киради.

4. Мавсум давомида отряд раҳбарларига отряд томонидан терилган 80 тонна пахта хом ашёси учун 1 миллион сўм ва 80 тоннадан ошган ҳар бир тонна пахта учун 50 минг сўмдан меҳнат иш ҳақи тўланади. Бунда, терим отряди томонидан мавсум давомида 80 тоннадан кам пахта терган тақдирда, уларга иш ҳақи амалда терган пахта хом ашёси миқдорига мутаносиб равишда тўлаб берилади. Ташкил этиладиган терим отрядлари раҳбарларига белгиланган иш ҳақининг камида 40 фоизи олдиндан тўлов тартибида берилади. Тўлов нақд шаклда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, пахта теримида қатнашиш фақатгина фуқароларнинг ўз ихтиёрларига кўра амалга оширилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари 
вазирлиги Ахборот хизмати

 

ЎзА