Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгашида жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзуидаги халқаро илмий-амалий конференция олдидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда таъкидланишича, мазкур тадбир халқаро экспертларни оилани мустаҳкамлаш ҳамда ёшлар тарбияси борасида Ўзбекистон тажрибаси билан яқиндан таништириш, соҳадаги долзарб муаммолар ечими бўйича ўзаро фикр алмашиш, истиқболли ҳамкорлик йўналишларини ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Айни кунларда анжуманни ўтказиш бўйича ташкилий ишлар ниҳоясига етказилмоқда.
Халқаро конференцияда Афғонистон, Бельгия, Испания, Италия, Жанубий Корея, Миср, Озарбайжон, Покистон, Россия, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан экспертлар, дипломатик корпус вакилларининг иштироки кутилмоқда.