"Сайилгоҳ" кўчасида ёш ҳунарманд ўз режалари ҳақида сўзлади (Онлайн)

Аввал хабар берганимиздек, «Ҳунарманд» уюшмаси ташаббуси билан пойтахтимизнинг «Сайилгоҳ» кўчасида «Ўзбекистон совғалари» – Биринчи республика кўргазма-савдоси бўлиб ўтмоқда.
Унда совғабоп ҳунармандлик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил этилган бўлиб, аксарият моҳир ҳунармандлар ишлари шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларининг катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Ана шундай ўз ишининг устаси бўлган навоийлик ёш ҳунарманд Фахриддин Сагдуллаев фаолияти ҳақида гапириб берди:
– Ҳунармандлик билан беш йилдан буён шуғулланаман. Ишларимизда асосан миллийликни акс эттиришга ҳаракат қиламиз. Шу боис меҳнатимиз маҳсулидан юртимиз нафаси уфуриб туради. Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли «Фарҳод» маданият саройида болалар ижодиёти маркази раҳбариман. 100 дан ортиқ шогирдларим бор. Улар орасида вилоят, республика, халқаро танловлар ғолиби бўлганлари анчагина. 2017 йил Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг «Йилнинг энг ёш ҳунарманди» танловида фахрли биринчи ўринни эгалладим. Россия Федерациясида ўтказилган халқаро танловда ҳам биринчи ўринга сазовор бўлдим. Бу йил «Ташаббус» республика танловининг вилоят босқичига йўлланма олдим.
«Ўзбекистон совғалари» биринчи республика кўргазма-савдоси биз каби ҳунармандлар учун янги имкониятлар ва ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш учун майдонидир.

 

И.Аҳатова, Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА