“Бизга таржимоннинг кераги йўқ, бир-бирларимизни қалбдан тушунамиз…”
Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳамкорликлар ўзининг янги босқичига чиқиб, дўст ва биродар халқларимизнинг янада яқинлашувига хизмат қилмоқда.
Жумладан, жорий йилда икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро давлат ташрифлари ва улар доирасида имзоланган ҳужжатлар тўплами, айниқса, муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистонга уюштирган давлат ташрифи доирасида мамлакатларимиз стратегик шерик давлатларга айланганлиги фикримиз исботи бўла олади.
Бугунги кунда ҳукуматлар ва идоралараро эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда муносабатларимизни янада кенгайтириш борасида қатор учрашув, мулоқот ва маданий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. Хусусан, бу борада адабиёт, маданият, санъат ва кино соҳаси вакилларининг муштарак тадбирлари икки халқ вакилларининг қувончу шодлигига сабаб бўлмоқда.
Мана шундай маданий тадбирлардан бири Ваҳдат шаҳрида бўлиб ўтди. Халқимиз учун энг азиз ва умуммиллий байрам – Тожикистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллигига бағишлаб ҳамда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорликларни янада ривожлантириш мақсадида, давлат ҳокимияти Ваҳдат шаҳри ижроия органи ташаббуси билан икки мамлакатнинг таниқли эстрада хонандалари иштирокида “Дўстлик оқшоми” шоу концерт дастури бўлиб ўтди. Концерт 11 сентябрь куни кечқурун шаҳарнинг марказий ўйингоҳида ўзбек эстрада юлдузи – Севинч Мўминова ҳамда юртимизнинг таниқли хонандалари – Нигина Амонқулова, Шабнами Сурайё, Жонибек Муродов, Сирожиддин Фозилов ва Муслима Қодировалар иштирокида кўтаринки байрамона руҳда ўтказилди. Диққатга сазовори шунда бўлдики, 25 минг нафар томошабинга мўлжалланган стадион санъат ихлосмандлари билан тўлди. Қатнашчилар, нафақат, Ваҳдат, балки юртимизнинг турли шаҳру ноҳияларидан ташриф буюришган эди.
Бу ҳам, ўз навбатида, халқларимиз ўртасидаги муштараклик ва бир-бирининг санъатига бўлган юксак эҳтиромнинг нишонаси эди. Шоу концерт дастурида куйланган Ватан, мустақиллик, дўстлик, биродарлик ва ишқ-муҳаббат мавзусидаги қўшиқлар иштирокчиларга юқори кайфият улашди.
Ўтган ҳафтадаги яна бир муҳим маданий тадбир – Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари бўлди. Ушбу тадбир “Тожикфильм” давлат муассасаси ташаббуси билан 15-17 сентябр кунлари Душанбе ва Бохтар шаҳарларидаги кинотеатрларда ўтказилди. Ўзбекистон киноси кунларининг расмий очилиш маросими 15 сентябр куни пойтахтимиздаги муҳташам “Кохи Наврўз” мажмуасининг кинотеатрида бўлиб ўтди. Унда мамлакат Президенти Ижроия аппарати, Тожикистон Кинематографчилар иттифоқи, бир қатор вазирлигу идоралар, зиёлилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
“Тожикфильм” давлат муассасаси директори Носир Раҳмон ўзбекистонлик ҳамкасбларининг юртимизга ташрифини қутлар экан, бу ташриф икки мамлакат кино соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшишини таъкидлади.
Тожикистон Республикаси Президентининг ижтимоий тараққиёт ва жамоатчилик билан алоқалар масалалари бўйича ёрдамчиси сектори маслаҳатчиси Муҳиддин Пайшанбезода қардош халқлар муносабатининг янги босқичга чиқишида давлатлар раҳбарларининг ўрни беқиёс бўлганлигини алоҳида таъкидлади.
– Жорий йил шарафли тожик ва ўзбек халқлари учун, ҳақиқатдан ҳам, тарихий йил бўлди. Зеро, бу йўналишда Тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси, Тожикистон Республикаси Президенти муҳтарам Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёевларнинг узоқни кўзлаган сиёсати ўлароқ устувор қадамлар ташланди,- деди М.Пайшанбезода. Шунингдек, у тожик ва ўзбек киночиларининг ҳамкорлиги узоқ йилларга бориб тақалиши, тожикистонликлар ўзбек кино ва санъат усталари – Комил Ёрматов, Аброр Ҳидоятов, Олим Хўжаев, Али Ҳамроев, Латиф Файзиев ва бошқаларнинг тожик миллий кинематографияси ривожига қўшган ҳиссасини қадрлашига урғу бериб ўтди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тожик ва ўзбек кино усталари ўртасида азал-азалдан яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол учун, икки мамлакатнинг таниқли кино актёрлари иштирокида қатор филмлар суратга олинганлигини айтиш ўринли. Биргина Тожикистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби ва Ўзбекистон Халқ артисти Комил Ёрматов босиб ўтган ижод йўлига назар ташлаш кифоя.

Комил Ёрматовнинг “Фахрий хулқ”, “Улар чегарада”, “Дўстлар қайта учрашганда” филмлари “Тожикфильм”да ишланган бўлса, 1941 йилдан “Ўзбекфильм”нинг бадиий раҳбари бўлиб ишлаб юрган кезларида “Ватан совғаси”, “Фронт учун концерт”, “Уйқусиз йиллар” бадиий филмларини яратган. У суратга олган “Алишер Навоий” номли филм режиссёрга катта шуҳрат келтиради. Ижодкорнинг қатор филмларида ўзига хос услуби, кескин драматизмга интилиши, мураккаб декорациялардан фойдаланганлиги билан яққол намоён бўлган.
“Ўзбеккино” миллий агентлигининг Бош директори Фурқат Зокировга сўз берилганида, у ўз нутқини қуйидагича бошлади:
– Дўстлик тушунчасининг моҳияти қанчалик чуқур бўлса, тожик ва ўзбек халқларининг қон-қардошлиги ҳам шунчалар қадимийдир. Икки тилда сўзлашиб, бир дарёдан сув ичган, урф-одатлари, қадриятлари бир бўлган халқларнинг шодлиги бугун чексиз.
Фурқат Зокировнинг сўзларига кўра, дўст мамлакатлар санъат усталари иштирокида биргаликда дурдона кинолар яратилган.
– Нафақат, режиссёрликда, балки актёрлик соҳасида ҳам тожик ва ўзбек актёрлари бир-бирининг филмларини тўлдириб боришган, – дейди у ва сўзида давом этар экан, – Ўзбек киносининг дурдона филмлари сирасига кирувчи “Шум бола”, “Майсаранинг иши” ва кўплаб бошқа филмлардаги тожикистонлик актёрларнинг иштироки ўзбек кинокартиналарининг муваффақиятига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшганини айтиш ўринли. Фикримизнинг исботи сифатида Тожикистон Халқ артисти Сайрам Исоева ва у яратган “Майсаранинг иши” филмида Майсара, “Одамлар орасида танҳо” филмида Нодирабегим, “Ўтган кунлар” бадиий филмининг янги талқинида Ўзбекойим образлари, нафақат, ўзбек, балки тожик ва бошқа томошабинларга ҳам жуда маъқул бўлган.
Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунларининг очилиш маросимида сўз олганлар тожик ва ўзбек тилларида сўзладилар. Йиғилганлар эса, уларни давомли қарсаклар билан қўллаб турдилар. “Тожикфильм” давлат муассасаси директори Носир Раҳмон айтганидек, “Бизга таржимоннинг ҳожати йўқ, бир-биримизни қалбдан тушунамиз…”
Тожикистоннинг хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар жамияти президиуми раиси ўринбосари Мушаррафа Шарифова ўзбекистонлик меҳмонларга академик Кароматулло Олимов таржимасидаги Алишер Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарини совға қилди.
Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунларининг расмий очилишида “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан суратга олинган “Сабот” филми намойиш этилди. Филм воқеалари, асосан, 1989 йилда Қорақалпоғистонда бўлиб ўтади. Сценарий муаллифи ва режиссёр Рашид Маликов бўлиб, уни Баҳодир Юлдошев суратга олган.
Филм Афғонистон урушидан қайтган зобитнинг кейинги тақдири ҳақида ҳикоя қилади. “Сабот”нинг бош қаҳрамони ролини таниқли киноактёр Карим Мирҳодиев гавдалантирган бўлиб, шунингдек, унда таниқли актёрлар Сейдулло Молдахонов, Нигора Каримбоева, Беҳзод Ҳамроев суратга тушишган.
– Филмда актёрлар кам гапиришади, лекин саҳналар режиссёр фикрларини тўлиқ кўрсатиб берган. Томошабин қаҳрамоннинг ғам-аламларини ҳис этади. Ҳақиқатдан ҳам, филм жуда таъсирли бўлибди, маза қилиб томоша қилдим, – дейди Тожикистон Миллий университети профессори М.Муқимов.
Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари доирасида, шунингдек, “Барон”, “Меросхўр”, “Ойқиз эртаги” ва “Зурриёт” филмлари ҳам намойиш этилди.
17 сентябр куни эса, “Тожикфильм” давлат муассасаси ва “Ўзбеккино” миллий агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжат асосида тожик ва ўзбек киночиларининг ҳамкорликлари янада ривожланиши шубҳасиз.

Зуҳриддин УМАРОВ, 
“Халқ овози” газетаси

 

ЎзА