Тошкент темир йўл муҳандислари институти ва Петербург давлат темир йўл университети ўртасида келишув имзоланди
Петербург Давлат темир йўл университети ректори Александр Паничев бошчилигидаги делегация ташрифи доирасида темир йўл транспорти соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш юзасидан шартнома имзоланди.

Шартномадан қўшма таълим дастурлари асосида талабаларни ўқитишни ташкил этиш, икки томонлама тан олинадиган диплом бериш, ўқув жараёнига юқори малакали хорижий олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларни кенг жалб қилиш масалалари ўрин олган.

Келгусида институт ёшлари таълимнинг магистратура босқичини Тошкент темир йўл муҳандислари институтида бошлаб, Петербург Давлат темир йўл университетида якунлаш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, ушбу келишув бино ва иншоотлар қурилиши, сув таъминоти, канализация, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан самарали фойдаланиш, кўприклар, туннеллар ва метрополитен қурилиши, электр таъминоти, электр техник мажмуалар ва тизимлар, иқтисодиёт, менежмент, Тезюрар темир йўл мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлашда илмий изланишларни мувофиқлаштириш ва чуқурлаштиришга хизмат қилади.

 

Б.Мелиқулова, ЎзА