Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар кўплаб соҳаларда камчиликлар борлигини кўрсатди. Хусусан, бюрократия, ортиқча оворагарчилик, коррупция, хўжа кўрсинга иш қилиш каби иллатлар давлат ривожи ва аҳоли фаровонлигига раҳна солаётган эди. Айни муаммоларни ҳал этишни даврнинг ўзи талаб қилмоқда.

Бугунги кунда юртимизда икки юздан ортиқ давлат хизматлари марказлари фаолият юритмоқда. Мазкур марказларда юридик ва жисмоний шахслар учун юздан ортиқ йўналишда хизмат кўрсатилади. 2017 йилда марказлар томонидан бир юз йигирма мингдан зиёд хизмат кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг 8 ойида бу кўрсаткич 2 миллиондан ошди.

Пойтахтимизда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида ташкил этилган “Давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилгани муҳим қадамлардан бири бўлгани таъкидланди.

БМТ тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Хелена Фрейзер, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кристофер Аллан иштирок этган тадбирда юртимизда давлат хизматлари кўрсатишда хорижий тажрибанинг аҳамияти муҳимлиги хусусида сўз борди.

Хизмат кўрсатиш жараёнларини мақбуллаштириш ва янада соддалаштириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини оширишни таъминлайдиган инновацион шаклларни жорий этиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Марказлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар тури ва сифатини янада ошириш, фаолиятда учраб турган камчиликларни бартараф этиш мақсадида Президентимизнинг жорий йил 11 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга жадаллик билан ўтишини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур халқаро фикр алмашув келгусида аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган давлат хизматлари кўрсатиш тизими сифатини ошириш ва тезкорлигини таъминлаш жараёнида миллий ва халқаро экспертларнинг ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

 

Барно Мелиқулова, ЎзА