АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан 2018 йил 20 сентябрь куни эълон қилинган болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги 2017 йилги ҳисоботга мувофиқ, Ўзбекистон тўртинчи ўриндан иккинчи ўринга кўтарилди. Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида “қонунчилик билан тартибга солиш, ҳуқуқни қўллаш, саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳукумат сиёсати ва ижтимоий дастурлар билан боғлиқ айрим жиҳатлар бўйича салмоқли чоралар кўрган мамлакатлар“ тоифасига кирди.
Ҳужжатда қайд этилишича, мамлакатимизнинг бирданига икки поғона юқорилагани давлатимиз томонидан пахта теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича қатъий чоралар кўрилгани билан боғлиқ. Ушбу вазирлик Халқаро меҳнат ташкилоти, ҳукумат ва мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ўтказган мониторинг натижаларига таяниб, болаларни пахта йиғим-теримига тизимли равишда жалб этишга тўлиқ барҳам берилганини эътироф этди.
Ҳукумат томонидан 2017 йилда кўрилган чоралар ёритилган ҳисоботда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ҳамда унга чек қўйишга қаратилган Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси ташкил қилингани қайд этилган.
Шунингдек, Ўзбекистон эришган муваффақиятлар қаторида қишлоқ хўжалиги экинларини диверсификация қилиш, ғўза майдонларини қисқартириш, пахтанинг харид нархини ошириш ва уни йиғишни механизациялаштириш назарда тутилган аграр соҳани модернизация қилиш режаси қабул қилингани ва изчил амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланган.
АҚШ вазирлиги Ўзбекистонда етиштирилган пахтани 2009 йилдан буён илк бор “болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхати“дан чиқариб ташлади.
Юқорида қайд этилган қарорлар фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мамлакатимиз эришаётган ютуқларнинг навбатдаги эътирофи бўлиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахтанинг АҚШ бозорига кириши учун янги истиқболлар очади.
Таъкидлаш жоизки, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти томонидан 2017 йилда одам савдоси билан боғлиқ вазият бўйича ҳисобот эълон қилинган ва унда Ўзбекистон болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам беришда катта ютуқларга эришгани учун учинчи тоифадан иккинчи тоифага ўтган эди.