Самарқанд давлат чет тиллар институтида Германиядан келган талабалар учун “Ўзбек тили, маданияти ва Самарқанд ҳаёти” номли ўқув курси ташкил этилди.
Институт ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур курс Германиянинг Ҳумболдт университети билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.
Самарқанд давлат чет тиллар институтида Германиядан келган ўқитувчи ва талабалар иштирокида ўтказилган тадбирда институт ректори И.Тўхтасинов ва бошқалар меҳмонларга юртимиз тарихи, маданияти, умрбоқий анъана ва қадриятларимиз ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбек тилининг имкониятлари, буюк шоир ва мутафаккирларимиз томонидан яратилган нодир асарлар тўғрисида сўз юритилди.
– Германиялик талабаларга институтимизнинг малакали ўқитувчилари ўзбек тили ва бошқа фанларни ўргатади, – дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Отабек Юсупов. – Шунингдек, Ҳумболдт университетидан келган профессорлар ҳам бу борада бизга яқиндан ёрдам беришади. Мазкур ўқув курси давомида немис талабалари ўзбек тили ва адабиётини ўрганиш билан бирга юртимиз тарихи, Самарқанднинг тарихий обидалари билан яқиндан танишадилар.
Учрашувда Самарқанд давлат чет тиллар институти ва Ҳумболдт университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтариш юзасидан таклифлар билдирилди.