Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари раҳбарлари учрашди

Тошкент шаҳрида 19 сентябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар темир йўллари маъмурияти раҳбарларининг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
 
2.JPG
Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари – Ҳиндистон Республикаси Темир йўллар вазирлигининг Темир йўллар кенгаши аъзоси Гириш Пиллай, Қозоғистон Республикаси “Темир йўллар“ Миллий компанияси бошқаруви раиси Канат Алписбаев, Қирғизистон Республикаси “Темир йўллари“ Миллий компанияси“ давлат корхонаси бош директори ўринбосари Руслан Бектемиров, Хитой Халқ Республикаси темир йўллари давлат бошқаруви бошлиғининг ўринбосари Лю Кэцян, Покистон Ислом Республикаси “Покистон темир йўллари“ раиси Муҳаммад Жавад Анвар, Россия Федерацияси темир йўллари очиқ акциядорлик жамияти бош директори – бошқарув раиси Олег Белозеров, Тожикистон Республикаси “Тожикистон темир йўллари“ давлат унитар корхонаси бошлиғи Комил Мирзоали иштирок этди.
Шунингдек, мажлисда ШҲТда кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь ва Монголия темир йўллари раҳбар ва мутасаддилари, ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкори Озарбайжон Республикаси темир йўллари раиси, ШҲТ Бош котиби ўринбосари Се Сяоюн қатнашди.
8.JPG
16.JPG
ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг мазкур янги форматига Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан шу йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари учрашувида асос солинди.
Қайд этилганидек, ташкилотга аъзо давлатларнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши транспорт-коммуникация тармоқларини комплекс тараққий эттиришга боғлиқ. Хусусан, темир йўл транспорти давлатлараро товар айирбошлаш, импорт-экспорт ташувлар, денгиз йўллари билан тўғридан-тўғри уланиш имконига эга бўлмаган мамлакатлар учун муҳим ўрин тутади.
Учрашувда транспорт бозори хизматларини кенгайтириш, темир йўл соҳасининг потенциал имкониятларини шакллантириш, божхона ҳужжатларини расмийлаштириш ва тариф сиёсати бўйича музокаралар олиб борилди. Шунингдек, янги халқаро иқтисодий йўлаклар яратиш, денгиз портларига чиқиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим масала – логистика марказлари тизимини ташкил қилиш, экспорт-импорт юкларини жаҳон бозорига олиб чиқиш бўйича кўрсатиладиган хизматларни яхшилаш имкониятларини таҳлил қилишдан иборат бўлди.
Мулоқот чоғида темир йўл инфратузилмаларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, халқаро молия институтлари иштирокида янги темир йўллар очиш, минтақада юк ташиш ҳажмини ошириш имконини берадиган истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар темир йўллари маъмурияти раҳбарларининг Баёноти имзоланди.
Ушбу ҳужжатда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар транспорт хизматларини бирлаштиришдек янги йўналишдаги ҳамкорлик режаларига тўлиқ мос келадиган йўналишлар ифодасини топган.
Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар темир йўллари маъмурияти раҳбарларининг навбатдаги учрашувини Қозоғистонда ўтказишга келишиб олди.

 

Улуғбек Шоназаров, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА​