Тадбиркорликка йўналтириш бўйича бепул курслар очилди 
Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жойлашган 18 та олийгоҳ базасида “пилот” тариқасида махсус курсларни ташкил этди.

Курсларга мазкур олийгоҳларнинг 2-4 босқич талабалари ўқишдан бўш пайтида қамраб олинади. Ўқишнинг бир қисми аудиторияда мастер-класслар, қолган қисми эса онлайн курс тарзида ўтказилмоқда.
Бу курсларга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда жойлардаги уюшмаган ёшларни кенг жалб қилиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 15 сентябридан 15 декабри оралиғида 100 та шундай курс (ҳар бир курсда 50 кишигача қатнашади) ўтказишга келишиб олинди. Курслар тингловчилар учун бепул ташкил қилинади ва якуни бўйича махсус сертификатлар топширилади.
Ишларни самарали ташкил қилиш учун Марказ ва “Норма” профессионал ривожлантириш маркази НТМ ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзоланган. Унга кўра, биринчи босқичда аҳоли ва тадбиркорлар, жумладан, уюшмаган ёшлар учун www.direktor.uz (www.biznes.uz) портали воситасида молиявий саводхонлик бўйича “он-лайн” тарздаги курслар ташкил этилади.
Қайд этиш жоизки, Марказ юртимизнинг барча туманларидаги аҳоли ва тадбиркорлар учун ўқув курслари ташкил қилиб келмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳудудларда уч юздан ортиқ бепул ўқув курслари ташкил этилиб, уларда 5 минг 496 тадбиркорлик субъекти вакили ва аҳоли бепул ўқитилиб, сертификатлар билан тақдирланди.
Мазкур ўқувчиларнинг 467 нафари тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган бўлса, 221 нафари фаолиятини янада кенгайтирди. Натижада қарийб мингта иш ўрни яратилди.

 

ЎзА