Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва UNODC (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси) билан ҳамкорликда «Мустаҳкам оила» дастури бўйича тренинг бошланди.
Мазкур тадбирнинг мақсади «Мустаҳкам оила» дастурини келгусида кенгайтирилган ҳолда амалга ошириш бўйича тренер-стажёрлар жамоасини тайёрлашдир. Ўтказилаётган тренинг жараёнида тайёрланган стажёрлар жамоаси халқ таълими мутахассислари малакасини ошириш ва барча умумтаълим мактабларида ушбу дастурни амалиётга татбиқ этишга жалб қилинади.
Тошкент шаҳридаги мактабларда «Мустаҳкам оила» дастури 10-14 ёшгача бўлган болалар ва уларнинг ота-оналари учун татбиқ этиб келинмоқда. 2016-2018 йиллар мобайнида мазкур дастур 19 мактабда синовдан ўтказилди.
Ўсмирлар ва уларнинг оилалари учун мўлжалланган дастур – ўсмирлик даврида пайдо бўладиган ахлоқ муаммоларини, зарарли одатлар, психоактив моддаларни истеъмол қилишнинг олдини олиш, шунингдек, ота-оналик кўникмаларини мустаҳкамлаш ва мустаҳкам оилани шакллантиришга йўналтирилган.
Дастур кетма-кет еттита сессияда видео материаллардан фойдаланган ҳолда, таълим-тарбиявий ўйинлар, мунозаралар ва оилавий машғулотлар давомида ўтказилади.
Унда қатнашиш давомида ота-оналар махсус кўникмаларга эга бўлади. Келгусида фарзандлари билан ижобий муносабатларни мустаҳкамлаш, меъёрни белгилаш ва қоидаларни ўрнатишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, умумий қоидалар бузилиши оқибатида келиб чиқадиган ҳолатлар ҳақида тушунтириш беради. Улар ўсмирларнинг хатти-ҳаракатларини назорат қилиш ва ижобий усуллар билан зарурий интизомни юзага келтиришни ўрганади.
Ўсмирлар эса ўз олдига мақсад қўйиш ва уларга эришиш, тенгдошларининг салбий таъсирига тушиб қолмаслик, қийин вазиятдан чиқишни ўрганиб, ота-онани қадрлаш, ўз фикрини тушунтириш ва ўзгани эшитиш кўникмаларига эга бўлади.
Дастурда олинган билим ва кўникмалар шахсда ҳимоя механизмларини тарбиялайди. Ўсмирларга зарарли одатларнинг тиббий-ижтимоий оқибатларини тушунтиради. Шунингдек, зўравонлик, жиноятчилик, психоактив моддалар истеъмолини олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда «Мустаҳкам оила» дастурини амалга оширишда БМТ гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган баҳолаш натижалари дастурда иштирок этган болалар ва уларнинг ота-оналарида ижобий ўзгаришларни кўрсатмоқда.
Жорий йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда биттадан «Мустаҳкам оила» дастури асосида намунавий мактабларни ташкил этиш ва уларни “Happy schools” (Бахтли мактаблар) деб номлаш кейинчалик улардаги илғор тажрибаларни оммалаштириш режалаштирилган. Бу “Happy schools” (Бахтли мактаблар) зўравонлик, жиноятчилик, зарарли одатлардан холи мустаҳкам оила ва мактаб ҳамкорлигига асосланган хавфсиз мактаблар саналади.
Сайтимизни кузатиб боринг, тренинг тафсилотлари онлайн ёритилиши режалаштирилган.
Б. Мелиқулова, Ф. Абдурасулов (сурат), ЎзА