Ўзбекистонда илк пулли трасса қурилади

Бунёдкорлик ишларини 2019-2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.
Яқинда Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов бошчилигида Туркиянинг «Cengiz-Kolin-Kalyon» компаниялар консорциуми билан биринчи ишчи учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарига таяниб xs.uz маълум қилишича, музокараларда давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида “Тошкент-Самарқанд” йўналиши бўйлаб йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, мазкур ташаббус турк инвесторлари томонидан тақдим этилган лойиҳалар портфелидан жой олган бўлиб, Туркия раҳбари Режеп Тайип Эрдўғаннинг шу йил юртимизга амалга оширган расмий ташрифи чоғида имзоланганди.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси Ўзбекистон томонидан расмий шерик сифатида ишга киришади.
Лойиҳани ишлаб чиқишда магистрални яшаш ҳудудларидан узоқроқдан олиб ўтиш, яйлов ва қишлоқ хўжалиги ҳудудлари ҳамда атроф муҳитга минимал таъсир қилишни инобатга олиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Бунёдкорлик ишларини 2019-2020 йилларда амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу лойиҳа амалга оширилса, илк пулли автомобиль трассаси Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги масофани икки соатга қисқартиради.

 

ЎзА