Самарқанд давлат чет тиллари институтида Франциянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вилмор хоним билан учрашув бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.
Учрашувда Самарқанд шаҳрида “Француз Алянси” марказини ташкил этиш, Франциянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
“Француз Алянси” маркази барча ёшдаги француз тилига қизиқувчи ўқувчи ва талабаларга француз тили ва адабиётини ўргатиш бўйича курслар ташкил этиш, билим даражасини белгиловчи тестлар ўтказиш ва сертификатлар тақдим этиш билан бир қаторда ёшлар театри, француз миллий мусиқа санъати ва бошқа маданий йўналишларда фаолият олиб бориши режалаштирилмоқда.
ЎзА