Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent“ меҳмонхонасида “Ижтимоий соҳадаги инновациялар – жамият ривожининг муҳим омили“ мавзусида халқаро форум бошланди.
Тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларнинг муҳим тармоқларини жадал ривожланиши масалалари, жаҳон илм-фанининг сўнгги ютуқлари, замонавий инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилди.
Унда депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар, ННТлар вакиллари, Германия ва Япониянинг етакчи таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, хорижий компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этмоқда.
Шунингдек, форумда Германиянинг Тюрингия федерал ери собиқ бош вазири, доктор Дитер Альтхаус қатнашмоқда.
Анжуманда маҳаллий ва хорижлик экспертлар Ўзбекистонда инновация соҳасини ривожлантиришга доир масалалар, таълим соҳасини ислоҳ қилиш, кадрлар тайёрлашда иқтисодий зарурат нуқтаи назаридан ёндашиш каби мавзуларда маъруза қилмоқда, фикр ва таклифларини ўртага ташламоқда.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА