Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш тартиби ўзгарди

Суҳбатдан ўта олмаган номзодлар бир ойдан сўнг лавозимга қайта тавсия этилиши мумкин.
Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар қилмоқда.
Ўзгартиришларга мувофиқ, адлия органлари билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланган юридик хизмат ходимининг ушбу ташкилот юридик хизматидаги лавозими ўзгарадиган бўлса, (масалан, юридик бўлимга етакчи мутахассис сифатида ишга кириб, кейинчалик бўлим бошлиғи этиб тайинланди) адлия органларидан қайта розилик олиш талаб этилмайди.
Суҳбатдан ўта олмаган номзодлар бир ойдан сўнг (илгари уч ой эди) лавозимга қайта тавсия этилиши мумкинлиги белгиланди. Бунда суҳбатга уч мартагача келиш мумкин. Уч мартада ҳам суҳбатдан ўта олмаса, уч ойдан кейин умумий асосларда лавозимга тайинлашга тавсия этилиши мумкин бўлади.
Илгариги тартибга асосан, юридик хизмат ходими лавозимига тайинлаш учун келишишга бир шахснинг номзоди айнан бир лавозимга икки мартадан ортиқ кўрсатилишига йўл қўйилмас эди.
Бундан ташқари, ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганда, юридик хизмат ходими штат бирлиги тугатилганда юридик хизмат ходимини лавозимдан озод этишни адлия органлари билан келишиш талаб этилмайди.

 

ЎзА