Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Унда сенаторлар, вазирлик ва идоралар ходимлари, энергетика соҳаси мутахассислари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
“Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси У.Мустафоев соҳадаги корхоналарни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, тизимдаги дебитор қарздорликни камайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Жамият таркибидаги корхоналар фаолиятига доир янгича ёндашувлар яхши самара бермоқда. Тизимда иш унумдорлигини оширишга қаратилган эътибор самарасида жорий йилнинг биринчи ярмида 30,9 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Дебитор қарздорлик эса 3,9 триллион сўмга қисқартирилди.
Мажлисда “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти фаолиятидаги камчиликлар қайд этилди. Жумладан, корхоналарни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобига тизимдаги дебитор қарздорликни камайтиришда айрим камчиликларга йўл қўйилган.
Ўтказилган солиқ текширувларида акциядорлик жамиятининг айрим корхоналари томонидан 24,1 миллиард сўмлик муддати ўтган дебитор қарздорлик ундирилмагани аниқланди. Хусусан, 4 миллиард сўмлик маҳсулотлар олдиндан тўловсиз реализация қилинган. Бу борадаги текширувлар натижасида мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.
Тизим корхоналарида кадрлар билан ишлаш борасида камчиликларга йўл қўйилаётгани танқидий таҳлил қилинди. Бунда доимий профилактик тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.
Мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларининг катта захиралари мавжуд. Шунга қарамай, уларнинг ёқилғи-энергетика соҳасидаги улушини ошириш бўйича ишлар суст олиб борилмоқда. Шу муносабат билан “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти мутасаддиларига бу борадаги ишларни фаоллаштириш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Мажлисда муҳокама қилинган масалалар бўйича қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Д.Суннатов, ЎзА