Маълумки, Давлат статистика қўмитаси 2017 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб “telegram” ижтимоий тармоғида тузилган гуруҳи орқали тизимда амалга оширилаётган ишлар, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига доир долзарб таҳлилий-статистик маълумотлар ва янгиликларни эълон қилиб бормоқда.
Ўз навбатида, номаълум шахслар томонидан Давлат статистика қўмитаси логотипидан фойдаланиб, расмий манба сифатида Давлат статистика қўмитасини кўрсатган ҳолда қонунга зид равишда, алоҳида гуруҳ тузилгани ва Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотлари ва бошқа манбалар маълумотларини тегишли муносабат ва ўзгартиришлар киритилган ҳолда эълон қилиб борилаётгани аниқланди.
Бу эса, расмий статистик маълумотларни нотўғри талқин қилинишига, муаллифлик ҳуқуқини бузилишига ва фойдаланувчиларни ҳақиқий ахборот ресурсидан чалғитишга олиб келмоқда.
Шу ўринда, статистика қўмитаси ахборот ресурсларидан фойдаланувчиларни бундан огоҳ бўлишларини ва маълумотлардан фойдаланаётганда бунга алоҳида эътибор беришларини сўраймиз.
Ўзбекистон Республикаси Давлат
статистика қўмитаси
ахборот хизмати
ЎзА