Арбитраж: Халқаро тижорат низоларини ҳал қилишнинг самарали тизими

Миллий иқтисодиётимиз ривожланиши баробарида халқаро интеграцияси ҳам тобора кучаймоқда.

Мамлакатимизда халқаро тижорат арбитраж суди ташкил этилгани хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Пойтахтимизда халқаро тижорат арбитраж ривожида ҳамкорлик масалаларига бағишлаб ташкил этилган амалий семинарда шу ҳақда сўз юритилди. Адлия вазирлиги ва “Hogan Lovells” халқаро юридик компанияси ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасида ўтказилган тадбирда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ташқи иқтисодий ва инвестициявий фаолият соҳасидаги мутахассислари, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

Адлия вазири ўринбосари, Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Каньязов тараққиётимизнинг янги босқичида халқаро тижорат низоларини арбитражлар орқали ҳал этиш долзарб аҳамиятга эга эканини қайд этди. Бунда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари масъул ходимларининг халқаро тижорат низоларини ҳал қилиш борасидаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда “Hogan Lovells” компанияси вакиллари арбитраж муҳокамасига тайёргарлик кўриш, уни самарали йўлга қўйиш борасидаги тажрибаси билан ўртоқлашди.

Мамлакатимизда тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар манфаати, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратиб келинади. Бу борадаги дастлабки қадамлар 1993 йилда ташқи иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, инвесторларнинг халқаро миқёсда эътироф этилган кафолатларини таъминлашга қаратилган халқаро Конвенцияга қўшилиш билан бошланган.

Ўзбекистон 1995 йил 22 декабрда Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги Нью-Йорк Конвенциясига қўшилгани ҳам эътиборга молик.

Мазкур тадбир ушбу йўналишда мутахассисларнинг билим ва малакасини юксалтириш, халқаро тижорат низоларини ҳал қилиш, тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини халқаро миқёсда ҳимоялашга хизмат қилади.

Муаттар Рўзибоева

 

ЎзА