Қозоғистонда ўзбек миллий таомларининг кўргазмаси ўтказилади

Эртага Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўзбек ва қозоқ миллий таомлари кўргазмаси бўлиб ўтади. Маҳаллий вақт билан 12:00 дан бошланиб 19:00 гача давом этадиган ушбу гастрономик тадбир Қозоғистонда «Ўзбекистон йили» муносабати билан ўтказилмоқда. 
“Казинформ”нинг аниқлик киритишича, Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлиги кўмагида ташкил этилган гастрономик тадбирнинг тантанали очилишида Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саидикром Ниёзхўжаев иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбирда қозоғистонлик ва ўзбекистонлик уста ошпазларнинг маҳорат дарсларини ўтказиш режалаштирилган. Меҳмонлар эса икки мамлакатнинг миллий таомлари, тандирда ёпилган нон-патирлардан баҳраманд бўлиши мумкин. Кўргазмага концерт дастури ҳамроҳлик қилади.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА