Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида ташкил этилган «Open Air – “Labirint” зонаси марказида рамзий ўралган, олтин рангли патқалам жойлашган.
Журналист ҳаёти ва ижоди машаққатларини ўзида акс эттирган лабиринт атрофида ўрнатилган ўриндиқларда талабалар Wi-fiдан фойдаланиши, ўқитувчилар эса очиқ ҳавода дарс машғулотларини олиб бориши мумкин.
Университетнинг тантанали очилиш маросими олдидан журналистлар учун ўтказилган пресс-турда меҳмонларга мана шу каби қизиқ маълумотлар берилди ва улар университет янги биноси ва ўқув жараёнлари билан яқиндан таништирилди.
– Қурилиш ишлари университет ҳовлисига кириш жойидан бошланди, – дейди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев. – Дунёнинг нуфузли университетларида бўлганимда илм даргоҳи мазмунини ифодаловчи рамзий тасвирларга гувоҳ бўлганман, бу эса сиз бино дарвозасидан киришингиз билан илм даргоҳида эканлигингизни ёдингизга солади. Асосий бинога кириб боришда миллий услубда ишланган «Open Air – “Suhbat” бурчагини кўришингиз мумкин, у ерда кичик гуруҳлар машғулот ўтказиши мумкин. Унинг ёнидаги балиқлар сузиб юрган ҳовуз, мусаффо ҳаво, ноёб ўсимликлар гўзаллиги, сокин муҳит ижодкор талабаларимизга илҳом беради.
Шундан сўнг, пресс-тур қатнашчилари асосий бинодаги университет мобиль музейи, стратегия хонаси, кутубхона, ўқув аудиториялари, барча қулайликларга эга спорт зали билан ҳам яқиндан таништирилди.
Айниқса, университет ҳовлисида жойлашган «Open Air – “Cinema” зонаси журналистларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Ёзги кинотеатр шаклида қурилган мазкур жойда талабалар катта экранда таҳлилий, бадиий, информацион медиа маҳсулотларни томоша қилишлари мумкин. Шунингдек, университет тадбирлари ҳам ушбу жойда ўтказилади.
Пресс-тур якунида меҳмонларга университет биносининг аввалги ва ҳозирги ҳолати, бажарилган ва олдинда турган ишлар ҳақида видео ролик намойиш этилди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
И.Аҳатова, ЎзА