Дунёнинг чорак аҳолиси "дангаса"лардан иборат экан
«Бугун дунё аҳолиси ўртасида камфаол ҳаёт тарзи одатга айланиб бормоқда, буни бартараф этиш учун жиддий чоралар кўрилмаётир», деб огоҳлантирмоқда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти.

“news.un.org”нинг ёзишича, “The Lancet ” тиббиёт журналида ЖССТ экспертларининг жисмоний меҳнат ва фаол ҳаёт тарзининг аҳамиятига бағишланган янги тадқиқоти чоп этилган.

Экспертлар фикрича, камфаол ҳаёт тарзида яшаган инсонда юрак қон-томир, диабет касалликлари, сут безлари ва йўғон ичак саратони келиб чиқиши мумкин. Аксинча, мунтазам жисмоний ҳаракатда бўлиш, спорт билан шуғулланиш вазнни меъёрда ушлаб туришдан ташқари руҳий ҳолатни ҳам яхшилайди. Аммо дунё аҳолисининг ўртача чорак қисми бу тавсияларни бажармайди. Оқибатда сўнгги 10 йилда айнан кам ҳаракатлилик билан боғлиқ касалликлар янада авж олган.

ЖССТ ҳисоботида турли мамлакатлар ва минтақалар бўйича аҳолининг кам ҳаракатлилик даражаси тасниф қилинган. Унга кўра, Кувайт, Америка Самоаси, Саудия Арабистони ва Ироқ энг ёмон даража билан рўйхатда “пешқадамлик” қилмоқда. Бу мамлакатларда истиқомат қилувчи катта ёшли кишиларнинг ярмидан зиёди камфаол ҳаёт тарзида яшайди. АҚШ ва Буюк Британиянинг 40-37 фоиз аҳолиси ҳам “дангасалар” сафида. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 19 фоизни ташкил қилган.

Хабарда эслатилишича, тадқиқот 18 ёшдан ошган аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига асосланган бўлиб, ЖССТ экспертлари юқори даражадаги жисмоний кам ҳаракатлилик кузатилган мамлакатларни спортга эътибор бериш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга чақирмоқда.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА