Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Нукус шаҳрида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган 42 оилага уй-жойлар калити бепул топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда маҳаллий ҳокимият ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хонадон соҳиблари ва уларнинг яқинлари иштирок этди.
– Уй-жой сифатида фойдаланишга топширилган мазкур бино аввал Нукус халқаро аэропортининг меҳмонхонаси бўлган, – дейди Нукус шаҳар ҳокими Парахат Торешов. – Иншоот кўп йиллардан буён қаровсиз қолган эди. Бу ерда кенг кўламли қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Яшаш учун барча шароит яратилди. Кам таъминланган, ногирон ёки боқувчисини йўқотган, уй-жойга эга бўлмаган фуқароларга ёрдам тариқасида бепул берилди. Янги уйларга эга бўлган оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати Нукус шаҳар ҳокимлиги ҳузурида тузилган махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилди.
Қарийб бир ой давом этган таъмирлаш ишлари натижасида бино томига янги шифер ётқизилиб, ичкарисида пардозлаш ишлари олиб борилди. Янги эшик-ромлар ўрнатилди. Электр энергияси, сув, газ тармоқлари тўлиқ қайта уланди. Ҳар бир хонадон алоҳида сув иситиш тизими билан таъминланди. Ҳовлида ўриндиқлар қўйилиб, болалар майдончаси ташкил этилди.
– Кўп йиллардан буён икки фарзандим билан ижарада яшардим, – дейди янги уйга кўчиб ўтган Элмира Абсаметова. – Болаларимдан бири ногирон, шунинг учун ишга ҳам чиқа олмасдим. Бунинг оқибатида етишмовчилик юзага келарди. Уй олиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Давлатимиздан миннатдорман. Биздек муҳтожларга бепул уй-жой қилиб берди. Тўғрисини айтсам, ҳеч қандай тўловларсиз янги уйга эга бўлганимга ҳозир ҳам ишона олмаяпман. Бундай эзгу ишлар бошида турган барча инсонларга чин юракдан раҳматлар айтаман.