Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қонун устуворлигини, суд-ҳуқуқ тизими ислоҳ этилишини, иқтисодиёт ривожлантирилиши ва либераллаштирилишини тақозо этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 27 август куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида ҳам ушбу йўналишдаги ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилган «Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозарасига сабаб бўлди.
Мазкур қонун лойиҳаси жиноят процесси иштирокчилари бўлмиш жабрланувчилар, гувоҳлар ҳамда бошқа иштирокчиларни ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ тартибга солишни кўзда тутади.
Қонун лойиҳасида жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш принциплари белгилаб берилмоқда. Шунингдек, давлат томонидан ҳимоя қилинадиган шахслар ҳамда жиноят процесси бошқа иштирокчиларини ҳимоясини таъминловчи давлат органларининг рўйхати, хавфсизлик чораларининг турлари ҳамда уларни қўллашнинг асослари, хавфсизлик чораларини бекор қилиш тартиби, ҳимоя қилинувчи шахслар ва давлат томонидан муҳофаза қилишни таъминловчи органларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатиб ўтилмоқда.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жиноят процесси иштирокчиларининг қонунчиликка ишончини янада ошириб, уларнинг хавфсизлигини кафолатлаш, одил судловга эришиш ҳамда жамиятда жиноятга жазо муқаррарлиги принципининг мустаҳкам қарор топишига хизмат қилади.
Мажлисда, шунингдек, депутатлар томонидан янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида»ги қонуни лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Депутатлар таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистоннинг халқаро муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, ташқи сиёсат борасида ривожланган давлатлар ва энг аввало, қўшни мамлакатлар, қолаверса, халқаро ташкилотлар билан дўстона, ўзаро манфаатли шерикликни ҳар томонлама ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, охирги бир ярим йил ичида ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликка доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, шартномалар имзоланди.
Айни пайтда иқтисодий, инвестициявий, ижтимоий ва маданий-гуманитар жабҳаларда Ўзбекистон билан алоқаларни кенгайтиришга хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар катта қизиқиш билдирмоқда. Бу эса, ўз навбатида, мавжуд ҳуқуқий ҳужжатларни бугунги шиддаткор замон талабларига мослаштириш, юртимизнинг ҳозирги ривожланиш стратегиясига ҳамоҳанг тарзда такомиллаштириб боришни тақозо этмоқда.
Депутатлар мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилинишини ташқи сиёсий фаолиятнинг асосий воситаларидан бири бўлган халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини шакллантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидладилар. Бу мамлакат учун истиқболли, амалий аҳамият касб этадиган икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузишга, пировардида Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатидаги нуфузини янада оширишга ёрдам беради.
Қизғин мунозаралардан сўнг қонун лойиҳалари биринчи ўқишда қабул қилинди ҳамда масъул қўмиталарга муҳокамалар чоғида билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифларни инобатга олган ҳолда, уларни иккинчи ўқишга тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг “Навоий вилоятининг Конимех тумани ва Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Таъкидланганидек, мазкур қарор лойиҳасининг қабул қилиниши Навоий вилояти Конимех туманининг саноат ва қишлоқ хўжалиги йўналишидаги улушини оширишга, шунингдек, Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Зафаробод қўрғони маъмурий ҳудудида яшовчи аҳолига қулай шароитлар яратиш ҳамда туманнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Мажлисда, шунингдек, парламент Қонунчилик палатасининг ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Матбуот хизмати