Юрт тақдирига – юксак туйғу

Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!
Халқимиз энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик кунини шоду хуррамликда, юксак зафарлар билан кутиб олмоқда. Зеро, истиқлол ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, тинч-фаровон яшаш, эзгу орзуларимиз рўёбини кўриш, тарихимиз нақадар буюк, эртамиз янада нурафшон эканини дунёга намоён қилиш имконини берди.
Айниқса, кейинги икки йилда ислоҳотлар бутунлай янги босқичга кўтарилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт, маданият, умуман, барча соҳадаги юксалишлар эса барчамизни тўлқинлантириб, Ватанимизнинг янада тараққиёт этишига ҳисса қўшишга ундамоқда.
Фарғона вилоятида ҳам қутлуғ айём катта шодиёналар билан кутиб олинмоқда. Байрам арафасида айрим юртдошларимизнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.
Патилахон Эргашева, 
Бувайда туманидаги “Патилахон” фермер хўжалиги раҳбари,
Ўзбекистон Қаҳрамони:
– Қишлоқда тонг эрта бошланади, назаримда. Саҳардан кимдир тўйга, кимдир бозорга ошиқади. Ҳамма ўз юмуши билан банд. Юртимиздаги тинчлик ва фаровонлик одамлар ҳаётида ўз аксини топган. Қаранг, бу йил қишлоғимизнинг ўзидан 10 дан ортиқ ўғил-қиз олий ўқув юртига ўқишга кирибди. Мана шунинг ўзи ҳам Мустақилликнинг меваси эмасми? Қишлоқларимиздаги ўзгаришларни бир кўринг. “Обод қишлоқ” дастури асосида амалга оширилаётган бунёдкорликлардан ҳайратдамиз. Янги йўллар, мактаб, тиббиёт маскани, болалар боғчаси, намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уйлар… санаб саноғига етолмайсиз.
Менинг болалигим пахта даласида ўтган. Биз пахта одамдан азиз бўлган оғир даврларни кўрганмиз. Халқимиз хўрланган, деҳқон оёқости қилинган кунларга гувоҳ бўлганмиз. Мустақиллик йилларида меҳнатларимиз қадр топди. Елкамизга офтоб тегди. 1995 йилда Президентимиз фармонига биноан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими» унвонига сазовор бўлдим. 2002 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирландим. 2010 йилда эса Ўзбекистон Қаҳрамони деган юксак шарафга муносиб кўрилдим. Оддий бир қишлоқ аёлига шунча эътибор, шунча эъзоз. Бу ҳақда ўйласам, тунларни тонгга улаб қилган машаққатли меҳнатларим, чеккан заҳматларим бир зумда унутилади.
Биринчилар қаторида фермер хўжалиги ташкил қилдим. Ер эгаси бўлдим. Собиқ тузум даврида такрорий экин экишга рухсат берилмасди. Бугунги кунда буғдойдан кейин турли полиз экинлари экилмоқда. Ундан олинган даромаддан кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга ёрдам беряпмиз. Хўжалик аъзоларига тарқатяпмиз. Рўзғоримиз бут, оиламиз, юртимиз тинч. Одамларимиз ҳаётдан рози. Кимдир уй қуряпти, бошқаси тўй қиляпти. Албатта, бунинг қадрига етиш, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи шарт.
Дилором Тошболтаева, 
Фарғона туманидаги “Шоҳимардон” қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири,
“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси:
– Шоҳимардон қишлоғи анклав ҳудудда жойлашган бўлса ҳам, азиз юртнинг бир парчаси сифатида ислоҳотлар самараларини доим ҳис этамиз. Ҳамқишлоқларимнинг бахтиёр чеҳрасини кўриб, кўнглим янада ёришади. Бундай хотиржамлик ва бахтиёрлик юртимизда тинчлик-осойишталикни асраш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ўзига хос кўзгуси эмасми?!
Бугунги кунда қишлоқ аҳли тиббий хизматдан мамнун. 64-қишлоқ оилавий поликлиникамизда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд. Қишлоқда шифокорлар уйи ҳам ташкил этилган. Ўтган йили янги шифохона иш бошлади. Шифо масканида туғруқ, ички касалликлар, жарроҳлик, болалар бўлимлари фаолият кўрсатади.
Юртимизда, ҳар бир оилада тонгнинг шукрона билан, эзгу мақсад ва ниятлар билан қарши олиниши, фарзандларимиз камолоти учун кенг имкониятлар мавжудлиги, энг муҳими, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда камолга етаётганларини ўйлаб, ғурурланиб кетаман.
Мақсадим аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида астойдил хизмат қилиш. Зеро, соғлом ва баркамол авлод юрт келажагидир.
Садафбек Ҳусанбоев, 
Фарғона давлат университети магистранти:
– Ўзбекистон фарзанди эканимиздан ҳар доим фахрланамиз. Ёшлигимдан немис тилини чуқур ўргандим. Олий ўқув юртида ҳам шу соҳа бўйича ўқидим. Жорий йилда магистратурага қабул қилиндим. Бир қатор лойиҳаларда иштирок этиб, икки марта Германияга бордим.
Бугун мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда “Dilrabo Travel” оилавий корхонасини ташкил этдим. Корхонамиз туризм фаолияти билан шуғулланиб келмоқда.
Дўстлар билан келгусида амалга оширадиган ишларимиз, режаларимиз хусусида кўп фикрлашамиз. Барчамизнинг мақсадимиз улкан. Юртимизда биз, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ғайратимизга ғайрат қўшади. Мана шундай гўзал, тинч, фаровон юртда яшаётганимдан, шу Ватанга, халқимга оз бўлса-да, нафим тегаётганидан мамнунман.

 

М.Сулаймонов, ЎзА