Абитуриентларнинг узоғи яқин, мушкули осон бўлдими?

Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги “Давлат хизматлари кўрсатиш тизимини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилнинг 1 июнидан Давлат хизматлари марказлари орқали тажриба тариқасида талаб юқори бўлган 70 дан ортиқ турдаги давлат хизматларини кўрсатиш жорий этилган эди. 
Жумладан, 2018-2019 ўқув йили учун Тошкент давлат юридик университетига ўқишга кириш учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилди. Бундан кўзланган асосий мақсад олий маълумот олиш истагида бўлган ёшларга қулайлик яратиш, хизмат кўрсатиш тартибини соддалаштиришдан иборатдир.
Ушбу турдаги хизматни кўрсатиш бўйича маъмурий регламент ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Унга кўра, хизматдан фойдаланиш учун абитуриентлар республикамизнинг қайси ҳудудида доимий рўйхатда туришидан қатъи назар, Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритаётган 201 та Давлат хизматлари марказларидан исталган бирига бориб паспорт, ўрта ёки ўрта махсус маълумотни тасдиқловчи ҳужжат (агар мавжуд бўлса, тўлиқ давлат таъминотидаги етим болалар ва I гуруҳ кўзи ожиз ногиронлар ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжат, халқаро танлов ёки олимпиада ғолиби эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар ҳарбий қисм қўмондонлигининг тегишли тавсияномаси)ни Марказ ходимига тақдим этиши белгиланди. Тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхасидаги абитуриент шахсига оид маълумотлар Давлат тест маркази электрон маълумотлар базасига Марказ томонидан киритилди. Абитуриентлар шу ернинг ўзида махсус қурилма ёрдамида суратга олинди. Ҳужжатларнинг асл нусхалари эгасига қайтарилди. Хизматлар бепул амалга оширилиши таъминланди.
Энди Тошкент давлат юридик университетининг қабул комиссияси абитуриентларга Давлат хизматлари маркази орқали берилган Давлат тест маркази бланкасини текширади ҳамда уларнинг паспортидаги биометрик маълумотларини махсус сканер орқали назоратдан ўтказади, бармоқ изларини олади ва шундан сўнг тегишли рухсатномани беради. Абитуриентлар 29-31 июль кунлари ўзларига тегишли рухсатномани олиш учун Тошкент давлат юридик университетининг қабул комиссиясига шахсан мурожаат этади.
Мазкур янги тартиб Тошкент давлат юридик университетининг магистратурасига ўқишга кириш учун ҳужжатларни топширишга, шунингдек, Тошкент давлат юридик университетининг бакалавриатига ҳужжат топширувчи хорижий фуқароларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилмади.
2017-2018 ўқув йилида Тошкент давлат юридик университетига 6132 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, 2018-2019 ўқув йилида жами 7057 нафар ҳужжат топширилди. Шундан 7050 нафари Давлат хизматлари марказлари орқали, 7 нафари (фуқаролиги бўлмаган шахслар) университет қабул комиссиясига бевосита ҳужжат топширган. Жиззах вилоятидан 355, Навоий вилоятидан 168, Намангандан 604, Сурхондарёдан 295, Самарқанддан 499, Тошкент шаҳридан 2422, Тошкент вилоятидан 633, Сирдарёдан 250, Хоразмдан 609, Андижондан 405, Фарғонадан 583, Қашқадарёдан 427, Қорақалпоғистон Республикасидан 69, Бухоро вилоятидан 231 нафар абитуриент ҳужжат топширган.
Ушбу хизматнинг Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши мамлакатимиз фуқароларига ҳар жиҳатдан қулай имкониятларни тақдим этди. Тасдиқланган вақтинчалик регламентга асосан, абитуриентлардан шу вақтга қадар талаб этиб келинган бир қатор ҳужжатлар қисқартирилди. Жумладан, 086-шаклдаги тиббий маълумотнома, яшаш жойидан маълумотнома, фотосурат ва конверт, папка-жилд кабиларни тақдим этиш талаби бекор қилинди. Ана шу ҳужжатларни тайёрлаш учун 1 абитуриент 40 минг сўмдан ортиқ пул ва деярли бир ҳафта вақт сарфлар эди. Давлат хизматлари марказлари орқали бепул хизмат кўрсатилгани ва талаб қилинадиган ҳужжатлар қисқартирилганининг ўзи абитуриентларнинг қарийб 290 миллион сўм маблағи ва қимматли вақтлари тежаб қолинишига имконият яратди.
Ҳужжат топшириш учун Тошкентга келиб-кетиш билан боғлиқ харажатлар эса ундан ҳам кўп. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси марказидан Тошкентга келиб-кетиш учун бир абитуриент энг арзон транспорт воситаси, меҳмонхона, озиқ-овқат учун ўртача 500 минг сўм харажат қилиши маълум бўлди. Сурхондарёлик абитуриент 350 минг сўм, фарғоналик 300 минг сўм, хоразмлик 440 минг сўм сарфлайди ва ҳоказо. Барча ҳудудлардан келувчи 7 мингдан ортиқ абитуриентларнинг пойтахтга келиб-кетиш ва ортиқча ҳужжатлар учун ўртача сарф-харажатлари 1,5 миллиард сўмдан ортиқ (1.558.395000 сўм) маблағни ташкил этади. Ҳар бир абитуриентга биттадан йўл бошловчи ҳамроҳ қўшилишини ҳисобга олсак, ушбу харажатлар яна қарийб икки баробарга ортади. Бу йил ТДЮУга ҳужжат топширган юртдошларимизнинг ана шунча маблағи ўзларида қолди. Келгуси йили барча олий таълим муассасаларига ҳужжатлар ДХМлар орқали қабул қилиниши йўлга қўйилса, фуқароларнинг яна неча-неча миллиардлаб маблағлари тежаб қолинишига шак-шубҳа йўқ. Давлатимиз томонидан фуқароларга қулай шароитлар яратиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида мана шундай жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Бироқ, бу жараёнлар осон кечмаётганлиги ҳам бор гап. Чунончи, бу йил абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш ишларини соддалаштириш ва осонлаштириш синов тариқасида фақат Тошкент давлат юридик университети учун татбиқ этилган бўлса, келгуси йил барча олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун Марказлар орқали ҳужжат қабул қилиш кўзда тутилмоқда. Бу эса келгуси йилгача жиддий тайёргарлик кўриш, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини белгилашни тақозо қилади. Яъни, бу йил Марказлар орқали ҳужжат қабул қилиш жараёнида бир қатор муаммолар мавжудлиги кўзга ташланди. Хусусан, ДТМ базасига маълумотлар киритилишида интернет тезлигининг пастлиги ҳужжатларни қабул қилишда кўп вақт сарфлашга сабаб бўлган.
2017 йилда Марказлар орқали фақат юридик шахсларга 32 турдаги давлат хизматлари кўрсатилгани боис мурожаат қилувчилар бир кунда ўртача 20-40 нафарни ташкил этган бўлса, бу йил хизматлар тури 100 тага етказилиб, ҳам юридик, ҳам жисмоний шахсларга хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилгани туфайли аҳоли оқими 350-600 нафарга етди. Шунинг учун ҳам амалдаги хизмат бинолари сиғими бугунги кун талабига жавоб бера олмай қолган. Шундан келиб чиқиб, инновацион, замонавий бинолар барпо этиш зарурати вужудга келмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 3 та замонавий Давлат хизматлари марказлари бинолари барпо этилган бўлиб, яна 31 та Марказ учун бино қуриш бўйича ишлар бошланган.
Шунингдек, Марказларга ўрнатилган махсус фото қурилма ёрдамида туширилган суратлар ДТМ талабига жавоб бермаганлиги сабабли айрим ҳолларда абитуриентни қайтадан суратга олишга тўғри келган. Шундай экан, Марказларни замонавий суратга олиш ускуналари билан таъминлаш зарур.
Яна бир муаммо, 2019 йилда барча олий таълим муассасаларига абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилишнинг Марказлар орқали амалга оширилиши бу ерда хизмат кўрсатувчи ходимлар сонини кўпайтиришни тақозо этади. Масалан, битта тумандаги Давлат хизматлари марказида 13 нафаргача ходим фаолият олиб боради. Фуқаролар ва тадбиркорларга бир кунда ўртача 800 га яқин хизматлар кўрсатилиши ва бир ходим 60 дан ортиқ кишининг мурожаати билан ишлашига тўғри келишини инобатга олсак, бунга ходимларнинг улгура олмаслиги ўз-ўзидан аён бўлади. Қолаверса, Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган хизматларга аҳолининг талаби кундан-кунга ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
Шу каби муаммолар ўз вақтида ҳал этилиб, хизматлар сифати оширилиб, Давлат хизматлари марказларига мурожаат этувчиларга тезкор, қулай ва шаффоф хизматлар тақдим этиб борилса, бу халқимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам бениҳоя фойдалидир.

 

ЎзА