Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими илмий янгиликлари билан мамлакатимиз ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Бўлимда бугунги кунда дунё ҳамжамиятига номи маълум олимлар фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан шу кунга қадар бир қатор янгиликлар яратилган.  

 

         Ушбу бўлимнинг Табият фанлари бирлашган институти Геология лабораторияси илмий ходимлари томонидан ихтиро қилинган илмий янгиликлар кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортмоқда. Мазкур лабораторияга бугунги кунда техника фанлари номзоди Иззат Айимбетов раҳбарлик қилади.

 

Қуйида иқтидорли олим раҳбарлигида ишлаб чиқилган илмий ихтиролар ҳақида тўхталиб ўтамиз.

 

Олимнинг илмий ишлари йирик ишлаб чиқаришда қўлланилмоқда

 

И.Айимбетовнинг раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар қўмитасининг гранти асосида икки лойиҳа амалга оширилди ва ишлаб чиқаришга тадбиқ этилди. Унинг етакчилигида хўжалик шартномаси асосида Қорақалпоғистонда қуриладиган 100 дан ортиқ иншоотнинг муҳандислик-геология хулосалари ишлаб чиқилган.

Жумладан, 2013 йилда Қўнғирот сода заводининг иккинчи босқичи биноларини, Тебинбулақ титано-магнетит рудасини ўзлаштириш учун қуриладиган биноларни ва «Междуречье» сув омборини лойҳалаштириш бўйича муҳандислик-геология илмий хулосалар ишлаб чиқилди. Бу ишларнинг умумий қиймати 160 миллион сўмни ташкил этади.

Олим 2005-2007 йилларда лаборатория ходимлари билан биргаликда хўжалик шартномаси асосида Москвадаги ЦСКА стадиони ва Россиядаги энг баланд, яъни баландлиги 300 метрлик турар-жойлар қурилган Москва Сити ҳудудидаги ернинг физик-механик хусусиятларини ўрганишга қатнашди.

Ҳозирги кунда И.Айимбетов Қорақалпоғистоннинг тузли ерлари физик-механик хусусиятларини ўрганиш ва бу ерларда биноларни қуриш  усулларини ишлаб чиқиш борасида илмий ишлар олиб бормоқда.

 

Полиэтилен чиқиндилардан фойдаланиш мумкинми?

 

– Ҳаммага маълум, бозорга ёки дўконга борган одам, сотиб олган нарсасини полиэтилен халтачаларда олиб қайтади. Бу халтачалар файдаланиб бўлгач, чиқинди сифатида ташлаб юборилади ёки ёқиб ташланади. Шуни таъкидлаш керакки, полиэтилен халтачалар ернинг остида 200 йилгача чиримайди, ёқиб юборилганда ҳавога заҳарли газларни бўлиб чиқаради,-дейди И.Айимбетов.

Шунингдек, Қорақалпоғистон шароитида тупроқнинг шўрланиши қурилиш биноларига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда. Сабаби, тузлар биноларнинг асосини, ер ости конструкцияларининг ишончли ишлаш вақтини камайтиради. Биноларни ер ости тузли сувлардан ишончли ҳимоялаш учун ЎзРФА Қорақалпоғистон бўлимида бир қатор синов-тажириба ўтказилди. Хусусан, полиэтилен пленка чиқиндиларини биноларнинг асосларини изоляциялашда фойдаланиш технологияси ишлаб чиқилди.

Полиэтилен чиқиндилари билан изоляциялаш биноларнинг умрини узайтиради, шу билан бирга атрофнинг ифлосланишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари бу технология изоляция материали бўлган қора ёғни тежайди.

Полиэтилен чиқиндиларни қайта ишлаш технологиясини йўл қурилишида ишлатиладиган асфальтбетон тайёрлашда ҳам қўлланиш мумкин. Полиэтилен чиқинди қўшилиб тайёрланган асфальтбетони оддий асфальтбетонга нисбатан мустаҳкам бўлади.

Лабораторияда ишлаб чиқарилган иккинчи илмий таклифнинг бири – бу кам қаватли биноларнинг тузли тупроқларда қурилишига мўлжалланган янги фундамент блогининг конструкцияси ҳисобланади. Бу илмий лойиҳада ичи кавак фундамент блогини ишлаб чиқиш таклиф этилган. Фундаментлардаги каваклик тузга чидамли қум билан тўлдирилади. Фундамент блогини иморатнинг майдонларини тўсиш учун мўлжалланган ғишт деворлари остига пойдевор сифатида ишлатиш мумкин. Бу фундамент блогини тайёрлашда 30-40 фоиз бетон аралашмаси тежалади.

 

Олим яратган янгиликлар: улар нималар?

 

1) Шўрланган тупроқда қурилаётган кўп қаватли бинолар фундаментининг ресурс тежамкор конструкцияси

Фото: Ресурстежамкор фундамент блоги. Ўртадаги бўшлиққа бархан қум тўлдирилади. Натижада бетон аралашмаси 30-40 фоизга иқтисод қилинади ва шўр ерга чидамли блок ҳосил бўлади. 

Ҳаммага маълум, Қорақалпоғистон ҳудуди эрувчан тузлар билан шўрланган. Айниқса, сўнгги йилларда тупроқнинг шўрланиши кучаймоқда. Бу муҳандислик-геологик шароитларга салбий таъсир кўрсатади, яъни кўп қаватли биноларнинг пастки қисми муддатидан олдин емирилиб, яроқсиз ҳолга келиб қолади. Айниқса, бундай пайтда хусусий сектордаги кўп қаватли бинолар зиён кўради. Боиси, хусусий уйлар кўп ҳолларда муҳандислик-геология текшириш ва ўрганиш ишлари ўтказилмасдан қурилади.

Ҳозиргича Нукус шаҳрининг айрим корхоналари томонидан кўп қаватли уйларни қуришда фойдаланишга яроқли бўлган бўшлиқли фундамент блокларини ишлаб чиқаришга ҳаракатлар бўлди. Лекин, уларни тахтлаш ва транспортда ташиш вақтида бузилиб кетиш ҳоллари учради. Энди лентасимон фундамент блогининг узунлиги 240 сантиметр, кенглиги 50 сантиметр бўлган конструкцияси яратилди. Фундамент блогини ишлаб чиқаришнинг технологияси ва унинг қолипи конструкцияси яратилди. Фундамент блогининг монтажидан кейин бўшлиқлар бархан қумлар билан тўлдирилади.

Шундай геометрик ўлчовларга эга бўлган стандарт фундамент блоклари  бетон аралашмасини 35 фоизгача тежаш имконини беради. Бу янги блок қурилиш соҳасида қўлланилади. Бўшлиқли бетон блогининг тажриба нусхаси корхона шароитида ишлаб чиқарилди. Унинг саноат ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш учун қолиплар тўпламини яратиш ва ишланмани ривожлантириш учун 100 миллион сўм миқдорида қўшимча маблағ зарур.

 

2) Полиэтилен чиқиндиларини қайта ишлаш технологияси

Фото: Полиэтилен чиқиндидан тайёрланган асфальт намунаси. Ушбу ихтиро амалиётда қўлланилса, асфальт йўл қурилишидаги асосий муаммо – битумнинг иқтисод қилинишига эришилади ва мустаҳкам асфальт йўл пайдо бўлади

Ҳаммага малум, полиэтилен чиқиндиларининг кўпайиб кетиши қатор экологик муаммоларни келтириб чиқаради. Ҳозирги пайтда бир қатор корхоналар уларни қайта ишлашга ҳаракат қилмоқда. Ундан гиламлар, бручаткалар, полиэтилен қувурлар ишлаб чиқарилаяпти. Аммо бу корхоналар барча чиқиндиларни қайта ишлаш имкониятига эга эмас. Уни қайта ишлаш жараёнида рангларини танлаш ва тозалашга жуда кўп вақт сарфланади. Шунингдек, уларни тозалаш пайтида кўп миқдорда ифлосланган сув чиқиб, ўз навбатида атрофнинг ифлосланишига олиб келмоқда.

Шуларни ҳисобга олиб, полиэтилен чиқиндиларини асфальт-бетон ва битумга қўшиш усуллари ўйлаб топилди. Агар шундай фойдаланилса, чиқиндиларни ювиб тозалашнинг ҳам, танлаб ўтиришнинг ҳам кераги бўлмай қолади. Энг асосийси, полиэтилен чиқиндиларни асфальт таркибига аралаштириш битумни 3 фоиз тежашга олиб келади. Муҳим жиҳати, атроф-муҳит мусаффолиги таъминланиб, экология яхшиланади. Олимнинг таъкидлашича, бу ишларни йўлга қўйиш ва амалга ошириш учун қўшимча лабаратория текширувларини ўтказиш керак. Конструкциясини ишлаб чиқиш ва намунавий нусхасини тайёрлаш учун  200 миллион сўм миқдорида маблағ талаб этилади.

 

Олим ҳақида икки оғиз сўз

 И.Айимбетов ўрта мактабни 1974 йили олтин медаль билан тамомлаб, 1974-1979 йилларда А.Р.Беруний номидаги политехника интитутининг «Саноат ва фуқаро қурилиши» факультетида таълим олган ва «муҳандис-қурувчи» мутахассислигини эгаллаган. У Нукус қурилиш техникумида, Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон филиалида, Москва муҳандислик қурилиш институтининг «Грунтлар механикаси ва асослари» кафедрасида ишлаган. 1983-86 йилларда шу кафедрада аспирантурада таҳсил олиб, 1987 йили «Бўш тош жинсларининг осисимметрик зўриқиш шароитида ер ости қурилиши  масалаларини ечишга доир деформацияланишини тадқиқ қилиш» мавзуида номзодлик диссертациясини  мувафақиятли ҳимоя қилган.  Илмий ишларининг натижалари Россиядаги «Зеленчук» гидро электр станциясининг ер ости тунелларини  лойиҳалаштиришда қўлланилиб, натижада 400 тоннадан ортиқ пўлат арматураларини тежашга эришилган. У 1988-1990 йиллари Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида муҳандис, илмий ходим лавозимларида фаолият кўрсатган. 1991 йилдан бошлаб дастлаб Муҳандислик геология, кейинчалик Геология лабораториялари бошлиғи бўлиб ишлаб келмоқда.

И.Айимбетов ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлимида Муҳандислик геология лабораториясини ташкил этишда раҳбарлик қилган. Унинг 85 та илмий ва илмий оммабоп меҳнатлари, шу жумладан 2 та монографияси (битта монографияси Германияда) нашрдан чиққан. Олимнинг кўпгина илмий ишлари Франция, Россия, Япония, Швеция давлатларида чоп этилган.

Геология лабораторияси илмий ходимлари муаллифлигида 100 дан зиёд илмий мақолалар, монографиялар, конференция тезислари Ўзбекистон ва чет давлатларда чоп этилди.

Адилбой Жийемуратов,

Қорақалпоғистон Хабар агентлиги мухбири.