Ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш – устувор вазифа
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 21 август куни Европа халқ партиясининг Германия делегацияси аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда асосий эътибор Ўзбекистон-Европа муносабатларининг жорий ҳолати, мамлакатимиздаги ислоҳотлар жараёнига Европа Иттифоқининг тажрибаси ва молиявий-техник кўмагини жалб этиш масалаларига қаратилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов Ўзбекистон-Европа Иттифоқи ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик, парламентлараро алоқаларни босқичма-босқич ривожлантириш, бу борада мавжуд имкониятларни ишга солиш зарурати хусусида сўз юритди. Марказий Осиё давлатларининг янги ривожланиш динамикаси экологик масалалар ечими ва Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтириш соҳасида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Мулоқот чоғида делегация аъзолари мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ўзгаришлар билан таништирилди. Ўзбекистон парламенти аъзолари германиялик ҳамкасбларига демократик ислоҳотлар жараёнида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тимини янада модернизация қилиш, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўзлаб бердилар.

Тадбирда меҳмонларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти ва тузилиши, қўмиталар ва комиссиялар, хорижий парламентлар билан ҳамкорлик қилиш доирасида ташкил этилган дўстлик гуруҳлари хусусида маълумот берилди. Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди. Институт ходимлари қонун ижодкорлигида хорижий тажрибани фаол ўрганиб, таққослама таҳлиллар ўтказаётгани, хусусан, парламент назоратини ташкил этиш ва амалга оширишда илғор давлатлар, Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибаси қўлланилаётгани муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди.

Тадбирда делегация аъзолари мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, чет эллик инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитларга юқори баҳо берди.

Конструктив ва амалий руҳда кечган учрашувда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

 

Дилобар Маматова, ЎзА