Яқинда “Newsweek” журнали Дональд Трамп Канада ва Мексикага “ҳадеб субсидия олавермасдан, АҚШ таркибига кириб қўя қолишни таклиф қилди” қабилида хабар тарқатган эди. Шарҳловчилар бўлажак Президентнинг ушбу баёноти Америка ва шу икки давлат ўртасидаги савдо тартиби қайта кўриб чиқилишига ишора сифатида қабул қилишди. Айрим кузатувчилар эса бу гапни Трампнинг навбатдаги ҳазили, деб ҳам изоҳлашди. Худди шундай даъволарнинг навбатдагиси якшанба куни янгради. Яъни, Дональд Трамп Гренландия оролини Қўшма Штатлар таркибига қўшиб олиш зарурлигини айтди.

Дания – Гренландия: что означает их военное сотрудничество? – GoArctic.ru –  Портал о развитии Арктики

Сайланган Президент ижтимоий тармоқ орқали оролга эгалик қилувчи Данияга янги элчи тайинлаш қарорига изоҳ бераркан, АҚШнинг Гренландияга эгалик қилиши зарурлигини қўшимча қилди:

– Америка Қўшма Штатлари бутун дунё бўйлаб миллий хавфсизлиги ва эркинлиги таъминланиши учун Гренландияга эгалик қилиш ва оролни назорат қилишни мутлақ зарурат, деб ҳисоблайди. Даниядаги элчи лавозимига кўрсатилаётган номзод – АҚШнинг Швециядаги собиқ элчиси ва тадбиркор Кен Хоури давлатимиз манфаатини ҳимоя қилиш йўлида аъло даражада иш олиб боради.

2019 йил оммавий ахборот воситаларида Трамп Гренландияни сотиб олиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида қатор хабарлар пайдо бўлган эди. Кейинчалик унинг ўзи ҳам шу масалага “стратегик” қизиқиш билдираётганини тасдиқлаган. Ўз навбатида Дания Гренландия ороли сотилмаслигини айтиб, Трамп ҳазиллашаётганига умид билдирган. “Сотиш ғояси – бемаънилик”, дейилганди ўшанда Дания томони тарқатган баёнотда.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти собиқ ходими Майлс Тейлор 2020 йил августда MSNBC телеканалига берган интервьюсида Трамп Пуэрто-Рикони Гренландияга алмаштириш мумкинлиги ҳақида ўйлаётганини айтганди.

Гренландия 1953 йилгача Даниянинг мустамлакаси бўлган, ҳозир ҳам қиролликнинг бир қисми ҳисобланади. Фақат 2009 йил орол ўзини ўзи бошқариш ва ички сиёсатни мустақил юритиш имконини қўлга киритиб, мухтор ҳудудга айланган.

Умуман, Трамп инаугурацияси яқинлашган сари турли баёнотлари билан жаҳон аҳли диққатини тортиб келмоқда. Масалан, куни кеча у Панама канали савдо, шунингдек Атлантика ва Тинч океанларида ҳарбий-денгиз кучларини тезкор жойлаштириш учун муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, иншоотни АҚШга қайтариш кераклиги хусусида гапирди. Бундай баёнотлар бажарилиши лозим ваъдаларми ё омма эътиборини ўзига боғлаб туриш учун айтилаётган қуруқ гапларми? Буни вақт кўрсатади.

С.Раҳимов, ЎзА