19 декабрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенати мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи куни дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокамаси бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга, аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини оширишга, шунингдек, солиқ тўловчилар учун солиқ юкини камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, мавжуд преференцияларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, шунингдек, вақтинчалик солиқ имтиёзлари қўлланиладиган фаолият турлари рўйхатини кенгайтириш зарурияти юзага келмоқда.
Мазкур қонун билан Солиқ кодексига қўшимча манбалардан даромад олувчи бюджет ташкилотлари учун белгиланган солиқ ставкаларининг амал қилишини 2027 йилнинг 1 январигача узайтириш, шунингдек, жами даромаднинг чегаравий миқдорини 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўм этиб белгиланиши, ушбу даромад мавжуд бўлганда солиқ тўловчилар ҳар ойлик бўнак тўловларини тўлиқ чорак ўтганидан кейин тўлашини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бериладиган бюджет субсидиялари жами даромад таркибига киритилмаслиги назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларга нисбатан фойда солиғи бўйича вақтинчалик солиқ имтиёзлари берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхат бўйича протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган вагонлар (контейнерлар) операторларининг темир йўл транспортида ташиш жараёнида вагонларни ижара шартлари асосида фойдаланишга бериш бўйича хизматлар кўрсатиш айланмаси қўшилган қиймат солиғини тўлашдан вақтинчалик озод қилинмоқда.
Мажлисда мазкур қонун сенаторлар томонидан қизғин муҳокама қилинди ҳамда таълим тизимини такомиллаштириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва аҳолига кўрсатилаётган транспорт хизматлари сифатини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги алоҳида таъкидланди.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан сўнг ялпи мажлисда “Космик фаолият тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қонунда космик фаолиятга оид асосий тушунчалар ва принциплар, фаолиятни амалга оширишнинг мақсадлари, космик фаолият соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари назарда тутилган.
Қонун билан Вазирлар Маҳкамаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг космик фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.
Шунингдек, космик соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш, космик тизимларнинг турлари яъни ерни масофадан зондлаш, давлат космик мониторинги, космик алоқа тизими, юқори аниқликдаги сунъий йўлдош навигация тизими, космик ракета комплексларидан (космодромлардан) фойдаланиш, космик объектларни тамғалаш, ижарага бериш, космик объектларни ва техника воситаларини утилизация қилиш, космик инфратузилма ва фаолият хавфсизлиги, фаолиятни молиялаштириш асослари ҳамда халқаро ҳамкорлик масалалари назарда тутилмоқда.
Қонунда илм-фан, ижтимоий-иқтисодий, экология, мудофаа, хавфсизлик ва бошқа соҳаларга оид мақсадларга эришиш учун космик технологиялар воситасида космик фазони ва Ерни тадқиқ этиш ҳамда улардан фойдаланиш, шунингдек, космик фаолиятнинг атроф-муҳит, табиий ресурслар ва аҳоли соғлиғига таъсирини назорат қилиш каби масалаларга алоҳида эътибор берилган.
Қонунда космик фаолият соҳасидаги стратегик йўналишлар ҳамда давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, иқтисодиёт тармоқларидаги қонунчилик бузилиши ҳолларини космик суратларга ишлов бериш орқали аниқлашга кўмаклашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлиги назарда тутилган.
Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши натижасида космик фаолият соҳаси тартибга солиниб, масъул органлар, уларнинг ваколатлари ва вазифалари аниқ белгиланади, юзага келиши мумкин бўлган хатарларни олдини олиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, мудофаа ва хавфсизликни таъминлашда космик фаолиятни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолати яратилади.
Шу билан бирга, бу мамлакатимизда барча соҳаларда, жумладан, ер муносабатлари, геология, сейсмик хавфсизлик, транспорт, қишлоқ, ўрмон, сув ва йўл хўжалиги соҳаларида муваффақиятли фаолият юритиш имконини беради.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қолаверса, Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида “Ипотека кредити бозори янада ривожлантирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун билан “Ипотека тўғрисида”ги, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги ва “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали гаров шартномаси ва гаров хати бўйича ҳуқуқларни расмийлаштириш, уларни рўйхатга олиш ва учинчи шахсларга бериш жараёнлари такомиллаштирилмоқда.
Таъкидланганидек, бугунги кунда рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан гаров хатини расмийлаштириш пайтида томонларнинг иштирок этиши, шунингдек, ариза берувчиларнинг рўйхатдан ўтказувчи органга (кадастр) тўғридан-тўғри мурожаат қилиши талаб қилинади. Бу эса бериладиган гаров хатлари сони кўпайган ҳолларда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Шу боис гаров хатини онлайн тартибда ёки давлат хизматлари марказларига бориш орқали расмийлаштириш белгиланиб, электрон гаров хатининг концепцияси жорий этилмоқда. Бу, ўз навбатида, харажатларни камайтириш ва вақтни тежаш имконини беради.
Бундан ташқари, қонунда ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари томонидан ўз капитали миқдоридан ортиқ қийматда облигациялар чиқариш орқали капитал бозоридан янада кўпроқ маблағларни жалб этиш механизмини жорий қилиш ҳам назарда тутилмоқда.
Сенаторлар томонидан қонун ипотека бўйича гаров хатлари айланишини янада ривожлантиришга, аҳолига берилган ипотека кредитларини такрор молиялаштириш учун янги имкониятлар яратишга, ипотека кредитини беришнинг замонавий бозор тизимини шакллантиришга хизмат қилиши қайд этилди.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлисининг иккинчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати