Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу йил 13 декабрь куни давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур вазифалар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда палатанинг Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи ҳамкорлигида “Ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишлар натижадорлиги ва 2025 йил учун устувор вазифалар” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида бугун мавжуд барча масалалар маҳалланинг ўзида ечилиб, минглаб эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топаётгани, янгиланган Конституциямизда белгиланган ижтимоий давлат тамойили ҳаётда рўёбга чиқаётгани алоҳида таъкидланди. Асосий қонунимизда ўз ифодасини топган муҳим нормалар ҳаётга татбиқ этиб келинаётгани, жумладан, давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палатасидаги маърузаларида ҳам келгусида ижтимоий соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни белгилаб бергани қайд этилди.

Шунингдек, кам таъминланган аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга қаратилган чоралар халқ вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклаши, фуқароларнинг ижтимоий ёрдам олиш жараёнини соддалаштириш ва тизимнинг барча йўналишларида шаффофликни таъминлаш мақсадида жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан мулоқотни янада кучайтириш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда сўз олганлар ижтимоий ҳимояга оид қонунчиликни такомиллаштириш ва бугунги кун талабларига мослаштириш, соҳадаги ҳуқуқий асосларни босқичма-босқич унификациялашга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади. Хусусан, “Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонунни бугунги ислоҳотларга мослаштириш, шунингдек, “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 2025 йилда 1 миллиондан ортиқ аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича катта марра олингани, ушбу мақсадларга йўналтирилган маблағларнинг самарали ишлатилиши ва ажратиладиган ерларни ҳақиқий ўз эгасига етказишда парламент назорати шаклларидан ҳам самарали фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.

Давра суҳбати якунида ижтимоий ҳимоя соҳасини ривожлантириш борасидаги аниқ режалар ишлаб чиқиш бўйича қўмита олдида турган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА