Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, давлат органлари, мамлакатимизда фаолият олиб бораётган халқаро ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, 1949 йил 12 августдаги Женева конвенциялари қуролли можаролардан жабрланган шахсларга инсонпарварлик билан муносабатда бўлиш бўйича халқаро стандартларни белгиловчи асосий шартномалардир. Ҳужжатнинг лотин ёзувидаги ўзбекча таржимаси юртдошларимиз учун ушбу муҳим ҳуқуқий воситалардан кенгроқ фойдаланиш ва тушунишни осонлаштиради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов тадбирни ўтказиш ташаббуси давлатимиз, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва Швейцария ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг яққол намунаси эканини алоҳида таъкидлади.
–Женева конвенциялари халқаро гуманитар ҳуқуқнинг пойдеворини ташкил этади, –деди А.Саидов ўзининг кириш сўзида. –Уларни лотин алифбосидан фойдаланиб, ўзбек тилига таржима қилиш жамиятимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва ҳар бир фуқарога исонпарварликнинг асосий меъёрларидан баҳраманд бўлишини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Халқаро “Қизил Хоч” қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари Биляна Милошевич замонавий жамиятда инсонварлик тамойилларининг доимий долзарблигини таъкидлади.
– Халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойиллари бугунги дунёда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда, -деди у. – Халқаро “Қизил Хоч” қўмитаси бу тамойилларни бутун дунёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам тарғиб қилишга интилмоқда ва ҳукуматнинг бу йўналишдаги фаол ҳаракатларини олқишлайди.
Тадбирда Швейцария Конфедерациясининг ўлкамиздаги элчиси Константин Оболенский ўз мамлакатининг Женева Конвенцияларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишдаги тарихий ролига тўхталди. Элчининг таъкидлашича, Женева халқаро ҳуқуқнинг, шу жумладан, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг кучли тарафдори.
–Женева конвенцияларининг юқори аҳдлашуви томони сифатида Швейцария Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларини тарқатиш ва амалга оширишга содиқлигини чуқур қадрлайди, -деди у. – Биз бутун дунёда инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик қадриятларини ҳимоя қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлик қилишга содиқмиз.
Йиғинда шунингдек, Женева конвенцияларининг гуманитар аҳамияти ва уларни глобал миқёсда тан олиш ва тушуниш зарурлиги таъкидланган “Инсоният ҳақида мулоқотлар” мавзусида видеоконференция ва фотокўргазма ҳам намойиш этилди.
Тадбирнинг энг муҳим қисми Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколларнинг ўзбек лотин алифбосида ўгирилган матннинг расмий тақдимоти бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар меъёрларга содиқлигини ифодалайди.
Иштирокчилар тадбир якунида халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсоний ҳуқуқлари билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича мунозаралар ўтказишди.
Саидмурод Раҳимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА