Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ўринбосари К.Оқилова мустақиллик йилларида Оролбўйи халқларининг қадимий тарихи, маданияти ва санъати намуналарини авайлаб-асраш, келгуси авлодларга бус-бутун етказишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ноёб тарихий экспонатларга бой ушбу музей нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида ҳам етакчи маънавият масканларидан биридир. Бугунги кунда музейда 99 минг 695 экспонат сақланмоқда.
Шу кунга қадар музей ўзида сақланаётган осори-атиқаларнинг фақат 3 фоизинигина намойиш этиш имкониятига эга эди. Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан махсус лойиҳа асосида музейнинг иккита янги биноси қад ростлади. Нукусдаги “Уй-жой қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан 49 миллиард 61 миллион сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, фойдаланишга топширилди.
Уч қаватли икки бинода кўргазмалар павильони, экспонатларни сақлаш заллари, реставрация устахоналари ҳаво ҳароратини сақловчи махсус ускуналар билан таъминланди. Хориждан келтирилган 4 лифт, ёнғинга қарши кураш ва видео назорат тизимлари ўрнатилди. Ташқи муҳандислик-коммуникация ишлари сифатли бажарилди.
– Музейимиз қўшимча равишда 6 минг 382 квадрат метр кўргазма майдони ҳамда 6 минг 904 квадрат метр фонд захираси сақланадиган иморатга эга бўлди, – дейди музей директори Г.Изентаева. – Кўргазмалар павильони жойлашган бинонинг биринчи қаватидаги кутубхона, кинозал ва ошхонада томошабинлар учун барча қулайликлар яратилди.
Музейнинг янги биносида очилган илк экспозиция кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Унда юртимиз ва россиялик таниқли мусаввирлар томонидан яратилган 500 дан зиёд картиналар, халқ амалий санъати намуналари, ҳайкалтарошлик асарлари намойиш этилмоқда.
Қорақалпоғистонлик таниқли рассом ва ҳайкалтарошлар Қ.Саипов, Қ.Бердимуратов, Д.Тўраниёзов, А.Отабоев, Ж.Қутлимуратов, Ф.Мадгазин, А.Еримбетов, Ж.Беканов, Ж.Изентаев, Б.Серекеев, Ж.Лепесов, А.Шпади ижодига мансуб асарлар томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Кўргазмада ўтган асрнинг 20-30-йилларида Ўзбекистонда яшаб ижод қилган мусаввирлар, шунингдек, ХХ аср рус рассомларининг турли жанрдаги асарлари, ҳайкалтарошлик, амалий санъат, майда пластика ишлари, ўзбек тасвирий санъати асосчиларидан саналган А.Волков, Ў.Тансиқбоев, Н.Карахан, Н.Кашина, А.Николаев, М.Курзин, А.Подковиров ижодига кенг ўрин берилган.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.