Nukus shahrida O‘zbekiston Qahramoni Ibroyim Yusupov nomidagi ixtisoslashtirilgan davlat umumta’lim maktab-internati foydalanishga topshirildi

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига сафари чоғида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати қурилиши билан танишган ва лойиҳани янада такомиллаштириш бўйича зарур тавсиялар берган эди. 

Ўтган қисқа вақтда қурилиб фойдаланишга топширилган мазкур масканда ўқувчиларнинг замонавий таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилди.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрамига муносиб совға бўлган давлат умумтаълим мактаб-интернати 216 ўқувчига мўлжалланган. Муассасада 100 ўринли ётоқхона, ошхона, спорт зали, лаборатория, кутубхона, ахборот-технологиялари хонаси замонавий жиҳозланган. Турли тиллардаги адабиётларни қорақалпоқ тилига таржима қилиш бўлими, китоблар чоп этиш учун мўъжаз босмахона фаолияти ҳам йўлга қўйилди.

– Ўқувчилар 5-синфдан бошлаб тест синовлари асосида қабул қилинди, – дейди ушбу мактаб-интернати директори П.Палимов. – Бу ерда ўқувчиларнинг ҳар томонлма чуқур билим олиши, истеъдодини янада ривожлантириши, спорт билан шуғулланиши учун барча шароит муҳайё.

Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси шаҳар ва туманларида, олис овулларидаги мактабларда биринчи қўнғироқ янграб, «Мустақиллик дарслари» ва Биринчи Президентимиз Ислом Каримов хотирасига бағишлаган “Хотира дарслари” бўлиб ўтди. Илк бор мактаб остонасига қадам қўйган 37 минг 360 болага 12 номдаги ўқув қуроллари солинган Президент совғалари топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов сўзга чиқди.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА