Мамлакатимиз иқтисодиёти ривожида муҳим ўрин тутувчи темир йўл тизимида амалга оширилаётган янги лойиҳалар юксак самаралар бермоқда. 2016 йилнинг декабрь ойида бошланган Бухоро – Мискин темир йўл қурилиши ана шундай бунёдкорлик ишларидан биридир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 10-11 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифи чоғида ушбу лойиҳа билан танишиб, қурилиш ишларини жадаллаштириш бўйича муҳим тавсиялар берган эди.

Темир йўл қурилиши Бухоро вилоятининг Бухоро тумани ва Қорақалпоғистон Республикасининг Мискин масканида бир пайтнинг ўзида бошланди. Ишнинг яхши ташкил этилгани самарасида умумий узунлиги 355 километр бўлган темир йўл линиясида лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди.

Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами куни – 1 сентябрда саҳро қумликларидан ўтган темир йўл линиясининг Бухоро вилояти ҳудудидаги 147-148-километрлари оралиғида пўлат изларнинг сўнгги бир неча ўн метри ётқизилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти мутасаддилари, ишчилар, муҳандис-техник ходимлар, соҳа фахрийлари, журналистлар иштирок этди.

– “Боштранслойиҳа” акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи белгиланган муддатда амалга оширилди, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ йўл хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Қаҳрамони Э.Умматов. – Қурилиш давомида қарийб 22 миллион куб метрлик тупроқ ишлари бажарилди. 121 сунъий иншоот, 12 кўприк ва 6 йўл ўтказгич, 5 станция ва 5 разъезд барпо этилди. Бунёдкорлик ишларига 2 мингга яқин ишчи-мутахассис, мингдан зиёд қудратли замонавий техника ва механизмлар жалб этилди. Мустақиллик йилларида барпо этилган Султон Увайстоғ – Нукус, Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон, Ангрен – Поп темир йўл линиялари қурилишида мамлакатимизнинг улкан техник имконияти билан бирга, ишчи-мутахассисларнинг катта салоҳияти ҳам намоён бўлган эди. Ана шу лойиҳаларда орттирилган тажриба Бухоро – Мискин линиясини бунёд этишда алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.

Янги линия устидан локомотив ҳаракатланди. Энди мазкур трассада ишчи поезди қатнови йўлга қўйилади. Ҳозирча бу йўлда юк поездлари ҳаракатланади. Улар юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поезди қатновини йўлга қўйиш мақсадида линияни электрлаштириш ва бошқа ёрдамчи иншоотлар қурилишини ўз ичига олган иккинчи босқични амалга оширишда бутун трасса бўйлаб зарур бўладиган турли бинокорлик материалларини етказиб беради. Ҳудуднинг ер ости табиий бойликларини ўзлаштириш, улардан самарали фойдаланиш, янги барпо этиладиган ишлаб чиқариш корхоналари учун материал таъминотини амалга оширишга хизмат қилади.

Шу пайтга қадар Тошкент шаҳридан Урганчга қатновчи поездлар Навоий – Учқудуқ – Мискин магистрали орқали 1064 километр йўл босган бўлса, мазкур лойиҳанинг иккинчи навбати ниҳоясига етгач, бу масофа қарийб 100 километрга қисқаради. Бу вақт, ёқилғи ва бошқа харажатларни тежаш имконини беради.

Электрлаштириладиган мазкур линия ишга туширилгач, Тошкент – Самарқанд – Навоий – Бухоро – Урганч ва Мискин йўналиши давоми сифатида йўловчилар узоғини яқин қилиш, юртимизга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтиришда муҳим омил бўлади.

 

Эркин Ёдгоров, ЎзА