Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакат бош жамоасини ишониб топшириш мумкин бўлган мутахассис билан музокараларни якунлади. Бу ҳақида жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги сайтида маълум қилинди. Қайд этилишича, ЎФА расмийлари шартнома имзолаш мумкин бўлган 10 дан зиёд номзодлар орасидан аргентиналик Эктор Купер вариантида тўхталди. 6 август куни мутахассис жамоатчиликка расман таништирилади.
Бунгача ташкилот биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов миллий терма жамоага жаҳонда ўз обрўсига эга бўлган мураббий олиб келиниши ҳақида бир неча бор айтиб ўтганди. Бу масала юзасидан ЎФА жиддий иш олиб борди. Термани қабул қилиб олаётган инсон ўзидаги катта масъулиятни ҳис қилиши, халқимизнинг кўп йиллик орзусини рўёбга чиқариши зарурлигини онгли равишда тушуниб етиши керак эди. Шу важдан якуний қарорга келиш вақт талаб қилди.
Эктор Купер ўзбекистонлик футбол мухлислари учун яхши таниш. 62 ёшли мутахассис фаолияти давомида катта ҳажмдаги ишларни бажарган ҳамда футбол оламида ўз номига эга бўлиб улгурган. У 1996 йил Аргентинанинг “Ланус” жамоаси билан КОНМЕБОЛ Кубоги соҳиби бўлди. Бу муваффақияти унга Европа эшикларини очиб берди.
1998 йил Купер Испаниянинг “Мальорка” клубини мамлакат кубоги финалига қадар бошлаб келди, Испания Суперкубоги учун майдонга чиқди. Бир йил ўтиб, “Мальорка” Эктор билан УЕФА Кубоги финалигача етиб келди.
Шу тариқа мураббий машҳур “Валенсия” клуби назарига тушди. Катта авлод футбол мухлисларимиз яхши эслашади. “Кўршапалаклар” 2000 ҳамда 2001 йилги мавсумларда Европа Чемпионлар Лигасининг финалигача етиб келиб, кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлишди. Бунда Купернинг роли анчагина катта эди. Чунки “Валенсия”нинг финалгача етиб бориши кўпчилик учун ўзига хос сюрприз бўлганди.
Кейинроқ Эктор Купер Италиянинг “Интер” ҳамда Грециянинг “Арис” жамоаларида яхши ишлади. Бунгача у 1999 йилда Испанияда, 2000 йилда эса Европада йилнинг энг яхши мураббийи, деб топилганди.
Эктор Купернинг миллий терма жамоадаги юриши 2017 йилга тўғри келди. 2015 йил Миср бош жамоасини қабул қилиб олган Купер орадан икки йўл ўтиб, жамоани Африка Миллатлар Кубоги финалига қадар бошлаб келди. Шунингдек, 28 йилдан буён мундиал чиптасини қўлга кирита олмаётган мисрликларни Россия-2018 сари бошлаб бора олди. Машҳур Муҳаммад Салоҳнинг мамлакат қаҳрамонига айланиши айнан Эктор Купер даврига тўғри келди.
Эндиликда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг таклифини қабул қилган мураббийи 6 август куни Миллий олимпия қўмитасининг анжуманлар залида соат 15:00да футбол мухлисларига таништирилади. Шундан сўнг у билан матбуот анжумани ташкил этилади. Анжуманда барча турдаги ОАВ иштирок этиши мумкин.
– Купер билан яхши ниятлар ҳамда жиддий мақсадлар йўлида келишувга эришдик. Умид қиламизки, миллионлаб ватандошларимизнинг узоқ йиллик орзуларини рўёбга чиқаришда бу инсон бизга ёрдам беради. Биз Европа футболи нафасини Ўзбекистонга олиб кира оладиган, ўз футболчиларига қаҳрамонлик ҳисларини сингдира оладиган, жамоалари ҳар қандай рақибга тик қарай оладиган, энг муҳими, Жаҳон чемпионати сари йўлни босиб ўтган тажрибали мураббийни истагандик. Бизнингча, Купер бу талабларга мос келади. Мана шундай мутахассиснинг олиб келиниши учун шароит яратиб бераётган Ўзбекистон ҳукуматига ҳамда янги бош мураббийни сабр билан кута олган халқимизга миннатдорчилик билдираман, – деди Умид Аҳмаджонов.