Болгариянинг Пловдив шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятли иштирок этди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида спортчиларимизни жамоатчилик вакиллари, оила аъзолари, спорт мухлислари кутиб олди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган ХХХII ёзги Олимпия ва ХВИ Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарори спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёрланиши ва муносиб иштирок этиши, терма жамоаларни янги истеъдодлар билан бойитишда муҳим омил бўлаётир.
Бунинг самарасини Пловдив шаҳрида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича 23 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионати мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жаҳоннинг 85 мамлакатидан келган 500 нафарга яқин спортчилар иштирок этган мазкур жаҳон чемпионатида спортчиларимиз иккита кумуш медални қўлга киритди.
Чемпионатнинг қизлар ўртасида ўтган С-2 йўналишида 200 метрлик масофага эшкак эшган Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова тандеми каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатининг кумуш медалини тақдим этди.
Шунингдек, йигитлар ўртасидаги С-2 қайиғида 500 метр масофага эшкак эшган Артур Гулеев ва Элёржон Мамадалиев терма жамоамизга кумуш медални келтирди.
– Бу мамлакатимизда биз, ёшларга қаратилаётган доимий эътибор ва яратилаётган имконият самарасидир, – дейди Дилноза Раҳматова. – Биз келгусида Олимпия ва Осиё ўйинларида ҳам шоҳсупага кўтарилиш учун бор кучимизни ишга соламиз.
Ж.Тошхўжаев, ЎзА