Россияда ўтган мундиалда кўплаб кутилмаган воқеалар содир бўлди. Шулардан энг аҳамиятлилари мураббийлардир. Чемпионатда кўплаб кучли мураббийлар “туғилди“. Шу боисдан уларнинг бештаси йилнинг энг яхши мураббийи номинациясига номзод сифатида кўриляпти.
Демак, Россияда туғилган квинтетлардан бири 24 сентябрь куни “The Best”га лойиқ кўриладими?
Биз бешта номзодни ҳамда уларнинг жаҳон кубогида қандай ишлашларини кўриб чиқамиз.
Станислав Черчесов
Россия
Россия терма жамоаси билан нимчорак финалда Испания устидан пеналтилар сериясида зафар қучди. 48 йиллик натижани янгилади.
Ғалабадан сўнги нутқи эса қуйидагича бўлди: “Худога шукр, футболчиларим нима демоқчи бўлган барча гапларимни тушунишди. Биз бир биримизга ишондик. Ўйлайманки, ғалабада уларнинг ҳиссаси кўпроқ менинг стратегиямга нисбатан.”
Унинг ҳаққига айтилган энг улуғ мақтовлардан бирини: “Яхши. Энг яхши. Топ!”, – дея “Зенит” дарвозабони Андрей Лунев айтди.
Дарвоқе, Россиягача ҳеч бир терма дастлабки 2 турда 8 та гол уриб кейинги босқичга чиқмаган эди. 1938 йилги Италияни инобатга олмаганда.
Злтако Далич
Хорватия
Финалгача уч марта қўшимча бўлимларда ўйнаган жаҳон чемпионатларидаги ягона жамоа. Шунингдек, мусобақада мухлислар меҳрини қозона олган камдан-кам термалардан.
Франциядан учралган мағлубиятдан сўнг Далич: “Қайси баҳсда ғалаба қозонган бўлсак, бунга биз ҳақли равишда эришдик. Кимдир бизни тасодифан финалга чиқди, дейиши мумкин. Бироқ таклиф этилган жойга бориш керак-ку, ахир!!!”
Далич ҳақида 1998 йил Хорватияни ярим финалга олиб чиққан Мирослав Блазевич қисқа қилиб шундай деди: “Златко ажойиб мураббий. Маслаҳатларимга зор эмас.”
Хорватия 1950 йилги финалда ўйнаган Уругвайдан сўнг 68 йил давомида жаҳон кубоги финалида ўйнаган энг кичик мамлакат сифатида эътироф этилди.
Дидие Дешам
Франция
Финалда хорватларни 4:2 ҳисобида мағлуб этди унинг жамоаси.
Финалдан кейинги гапларини қуйидагича талқин қилдик: “Бу жамоа билан фахрланишимнинг асосий манбаи – ягона терманинг шаклланганлигидир. Йигитлар анча улғайган. Икки йил аввалги Франция билан ҳозиргисини ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Мен доимо футболчиларимга бир нарсани уқтириб келдим: ҳеч қачон, ҳеч қачон, ҳеч қачон ҳеч нарсадан воз кечманг! Орзуингиздан ҳам!”
Дешам ҳақида ёрдамчиси шундай дейди: “Бир эркакда бўлиши мумкин бўлган барча нарса унда мужассам. Шунинг ўзи Дидиени ғолиб қаторида бўлиши учун етарлидир.”
Дешам терма жамоа либосида ҳамда мураббий сифатида жаҳон кубогини боши узри кўтарган Марио Загало ва Франс Беккенбаурдан кейинги учинчи мураббий сифатида тарихда қоладиган бўлди. Беккенбаур ўзининг натижасини такрорлаган Дешамни самимий қутлади ва: “Клубимизга хуш келибсан, Дидие. Ҳозир учтамиз. Эҳтимол яна кўпаярмиз.”, – деганча унга омад тилади.
Роберто Мартинез
Бельгия
Мартинез турнир давомида тактик ўзгаришлари билан обрў қозонди. У терма билан биргаликда чорак финалда Бразилияни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Шубҳасиз, бу унинг мавқеини ошириб юборди.
Унинг севимли ибораси қуйидагича эди: “Ҳақиқий бахт ва ҳақиқий муваффақият бор. Сиз томоша қилган футбол – биз ўйнаган футбол – Бельгия футболи, бу бизнинг брендимиз. Шунингдек, бирга ишлаш ва ўзаро мослашувчанлик; тактика билан бутун миллатни кўрсатишга интилдик.”
Мартинез ҳақида: “Ниҳоят! Бельгия учун муносиб мураббий топилди. У жамоани якдил ҳолатга олиб кела олди. Робертодан бошқаси бу ишни уддалай олмаган бўларди.”, – дейди афсонавий немис футболчиси Юрген Клинсман.
Дарвоқе, Бельгия термаси ўз тарихида илк марта ярим финалда ўйнади.
Гарет Саутгейт
Англия
Колумбия билан бўлиб ўтган баҳсдаги пеналтилар сериясидаги ғалаба Англия термасининг тарихда илкинчи марта “футбол лотереяси“да муваффақият қозониши эди. Бундан аввал инглизлар ҳеч қачон пеналтилар баҳсида зафар қучмаган.
Саутгейтнинг мусобақадан кейинги сўзлари: “Биз ажойиб футбол намойиш этдик. Келажак учун бу жамоа ўрнак ҳамда тажриба вазифасини ўтайди.”
У ҳақидаги фикрлардан энг яхшисини Гарри Невилл айтди: “Гарет мамлакат фахри. Ақли, тажрибали, халоскор ва фидокор инсон”
Англия охирги марта 1990 йилги мундиал ярим финалида ўйнаган эди.
Шоҳрух Нўъмонов, ЎзА