Пойтахтимиздаги “Юнусобод“ спорт мажмуасида дзюдо бўйича ҳарбийлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатининг яккалик беллашувларида ҳамюртларимиз 13 та медалга эга чиқиб, дунёга ўзбек спортининг куч-қудратини намойиш этди.
42-жаҳон чемпионатининг иккинчи кунги шиддатли беллашувларида мамлакатимиз дзюдочилари 3 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритди.
Жаҳон чемпионатининг -81 килограмм вазн тоифаси финалида Ҳикматуллоҳ Тўраев Мусо Собировни мағлубиятга учратиб, чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Собиров кумуш медалга сазовор бўлди. Худди шунингдек, Рустам Шораҳматов (-100 кг.) ва Шоҳруҳ Бахтиёров (+100 кг.) ҳам ўз вазнларида ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Ирисхон Қурбонбоева (+78 кг.) эса кумуш медалга эга чиқди. Бронза медали учун татамига чиққан Ширинжон Йўлдошева (-70 кг.), Муштарийбегим Афзалова (-78 кг.) ва Бекмурод Олтибоев (+100 кг.) рақибларига имкониятни бой бериб қўйди.
Бугун, 18 октябрь жаҳон чемпионатида жамоавий баҳслар ташкил этилади. Маълумки, Халқаро дзюдо федерацияси низомига мувофиқ, Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларида аралаш жамоавий беллашувлар ташкил этилади. Ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақалар алоҳида тарзда ўтказилади.
Кеча ушбу баҳсларга қуръа ташланди. Ўн етти давлат терма жамоаси қатнашадиган эркаклар ўртасидаги мусобақада Ўзбекистон дзюдочилари туркманистонлик ҳарбийларга қарши татамига чиқади. Тўққиз терма жамоа қатнашаётган аёллар ўртасидаги баҳсларда эса қизларимиз илк даврада испаниялик ҳарбий дзюдочилар билан куч синашади.
Т.Рўзиев, ЎзА