Пойтахтимизда қиличбозлик бўйича кадетлар тоифасида Ўзбекистон кубоги баҳслари ўтказилмоқда.
Қиличбозликнинг сабля, шпага ва рапира йўналишлари бўйича ўтаётган ушбу мусобақа баҳсларига «Пахтакор» қиличбозлик зали мезбонлик қилмоқда.
Мусобақанинг илк кунида сабля йўналиши бўйича жамоавий ва яккалик баҳслар бўлиб ўтди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, ўғил болалар ўртасидаги яккалик беллашувларида Нурсултон Кенесбаев, Артур Бекжанов, Бекзад Тажединов ва Азим Шокиров шоҳсупага кўтарилган бўлса, қизлар ўртасида Севара Ғаниева, Салима Рўзиева, Айгуль Шамуратов, Шаҳзода Абдуллажонова ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.
Жамоавий баҳсларда “Тошкент 1” жамоаси қизлар ўртасида мамлакат кубогини қўлга киритди. Ўғил болалар ўртасида эса Қорақалпоғистон Республикаси ёшларидан иборат жамоа биринчи ўриндан жой олди.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат кубоги 21 октябрь кунига қадар давом этади. Унда шпага ва рапира йўналишлари бўйича яккалик ва жамоавий баҳслар ташкил этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА