Пойтахтимизда 15 ёшли ўсмирлар ўртасида “CAFA U-15 championship” халқаро турнири давом этаётганлигидан хабарингиз бор. Ўзбекистон, Эрон, Туркманистон, Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон термалари ғолиблик учун ўзаро куч синашаётган турнир яна бир турдан сўнг ниҳоясига етади.
Уч тур якунига кўра Азамат Абдураимов устозлигидаги ўсмирлар термамиз гуруҳда пешқадамлик қилишаётган эди. Кеча бўлиб ўтган тўртинчи турда ўсмирларимиз кутилмаганда эронликларга 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа энди ҳамюртларимиз мусобақа жадвалида иккинчи ўринга тушиб қолди.
Турнинг қолган учрашувларида Туркманистон термаси афғонистонлик рақибларига 0:3 ҳисобида, қирғизистонликлар эса тожикистонликларга 0:2 ҳисобида ютқазишди.
30 июль куни мусобақанинг сўнгги тури бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистон жамоаси Афғонистонлик ёш футболчиларга қарши майдонга тушади.