Картошкадан бир йилда бир неча марта ҳосил олиш мумкин! АҚШ компанияси вакиллари янги ускунани таклиф этишмоқда

Инновацион ривожланиш вазирлигида АҚШнинг «СETS» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Инновация вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этди.
Вазирлик матбуот хизматнинг хабар қилишича, суҳбат чоғида «СETS» компанияси вакиллари Инновация вазирлиги қошидаги Уруғчиликни ривожлантириш марказига компьютер билан бошқариладиган картошка мини-туганаклари етиштириладиган 15 та фитотрон ускунасини сотиш таклифи билан чиқди.
Фитотрон ўзи нима? Фитотрон, бу – сунъий равишда маълум шароитлар яратиладиган жой бўлиб, турли хил иқлим шароитлари яратган ҳолда бир йилда бир неча марта ҳосил олиб, селекция жараёнини тезлаштириш имкониятини беради. Жумладан, супер элита уруғларини етиштиришга кетадиган муддат бир неча бараварга камаяди.
«СETS» компанияси вакиллари таклиф этаётган фитотронларнинг нарҳи баландлигини инобатга олган ҳолда, Инновация вазири улардан ускуналарни Ўзбекистонга инвестиция сифатида киритиб, давлат-хусусий шерикчилик шаклидаги қўшма корхона ташкил қилиш ва картошка уруғчилиги кластери яратиш таклифини берди.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик шакллари ва шартлари ҳақида музокараларни давом эттиришга келишишди.

 

ЎзА